Эронда 138 000 фуқаролик объекти талафот кўрган
АҚШ ва Исроилнинг Эронга уюштирган ҳаво ҳужуми ортидан минглаб фуқаролик объекти, жумладан турар-жой, мактаб ва тиббиёт муассасаларига жиддий зарар етгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, жами 138 000 га яқин фуқаролик объектига жиддий зарар етган. Талафот кўрган иншоотларнинг аксари – 113 000 дан зиёдини турар-жой бинолари ташкил этади. Бу ҳақда SNN.IR хабар бермоқда.
Шунингдек, зарбалар оқибатида қарийб 23 500 тижорат нуқтаси, 993 мактаб, 300 дан кўп тиббиёт муассасаси ва 32 университет биноси зарарланган. Мамлакатнинг турли ҳудудларидаги ижтимоий ва муҳим инфратузилма объектлари ҳам тўпга тутилган. Жорий йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил кучлари Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Ҳужум асосан Теҳрон ва бошқа йирик шаҳарларга қаратилган. Бунга жавобан Теҳрон ҳам кенг кўламли қарши амалиёт ўтказди ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба берди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА