Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари ахборот ҳамкоримиз нигоҳида
Марказий Осиёда интеграция жараёнлари, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳар томонлама янги босқичга чиқмоқда.
Мазкур жараёнлар минтақа ахборот майдонида ҳам яққол акс этмоқда. Хусусан, ЎзАнинг Тожикистондаги ҳамкори - “Ховар” давлат ахборот агентлиги нашр этган “Тожикистон — Ўзбекистон: ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўлида муштарак саъй-ҳаракатлар” номли таҳлилий мақолада икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани қайд этилган.
Таъкидлашича, 2024 йил 18 апрелда имзоланган иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги келишув икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиққан. Шу билан бирга, сиёсий мулоқот фаоллашуви, савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиши ва гуманитар ҳамкорлик институционаллашуви минтақавий интеграция жараёнларини жадаллаштирмоқда.
Мақолада Вашингтондаги “C5+1” саммити, Хўжанд шаҳрида ўтган Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара нуқталарини делимитация қилиш бўйича имзоланган келишув Марказий Осиёда янги ҳамкорлик модели шаклланаётганидан далолат бериши таъкидланган.
Муаллифларнинг ёзишича, Хўжанд декларацияси халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланган. Жумладан, БМТ, ШҲТ, ИҲТ каби нуфузли тузилмалар ушбу жараённи минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этган.
Шунингдек, таҳлилда маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичга чиққанига ҳам урғу берилган. Хусусан, икки ўлка театр жамоаларининг ўзаро гастроллари, қўшма фестиваллар ва маданий тадбирлар халқлар ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлаётгани баён этилган.
Шу билан бирга, спорт соҳасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг Осиё кубоги–2031 мусобақасини биргаликда ўтказиш бўйича ариза бериши минтақавий ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида қайд этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА