Ўзбекистон – Тожикистон: маданий алоқалар, умумий мерос ва замонавий ҳамкорлик
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатда маданий дипломатия алоҳида аҳамият касб этади, чунки қардош халқлар ўртасидаги руҳий яқинлик, умумий тарихий хотира ва маданий мерос икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантирган. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар икки халқ ўртасидаги анъанавий яқинликни мустаҳкамлаб, минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришда ҳам муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
“Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Нозима Эргашева айни мавзуда фикр юритаркан, дастлаб Марказий Осиё халқлари ўртасидаги тарихий яқинлик ва маданий муштараклик минтақавий ҳамкорликнинг муҳим пойдевори эканига урғу берди. Хусусан, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида асрлар давомида умумий цивилизацион маконда шаклланган маданий қадриятлар, тил ва адабиёт анъаналари, мусиқа ҳамда санъат намуналари икки халқни бир-бирига янада яқинлаштирган. Маданий-гуманитар алоқалар бугунги кунда ҳам икки давлат шериклигининг муҳим шарти сифатида кўрилади.
Айниқса сўнгги йилларда икки мамлакат муносабатлари сезиларли даражада фаоллашди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот натижасида стратегик шериклик мустаҳкамланиб, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик билан бир қаторда маданий алоқалар ҳам янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2018 йил стратегик шерикликка оид ҳужжатлар имзоланиши ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Маданий меросни асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этишда қўшма ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” фестивали доирасида икки халқнинг умумий мероси сифатида 2008 йил ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган “Шашмақом” мунтазам равишда кенг тарғиб этиб келинади. Умуман, мазкур анжуман нафақат ижодкорлар ўртасидаги касбий алоқаларни мустаҳкамлаяпти, балки Марказий Осиё мусиқий анъаналари халқаро миқёсда эътироф қилинишига ҳам хизмат қилмоқда.
Давлатларимиз ҳамкорлигини ривожлантиришда маданият кунлари, санъат фестиваллари ва ижодий учрашувлар муҳим ўрин тутади. Ҳар икки мамлакатда ўзаро маданияти кунларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Ушбу тадбирлар доирасида концерт дастурлари, театр спектакллари, бадиий кўргазмалар ва кино асарлари намойиш этилади. Бундай ўзига хос байрамлар икки халқ маданиятини кенг жамоатчиликка яқиндан танитиш имконини беради.
Маданий алоқалар таълим, илм-фан соҳаларида ҳам кенгаймоқда. Охирги йилларда олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашиб, ўнлаб ҳамкорлик битимлари имзоланди. Жумладан, Ректорлар форуми доирасида қўшма илмий лойиҳалар, академик алмашинув дастурлари ва илмий конференциялар мунтазам ўтказилмоқда.
Чегарадош ҳудудлар маданий ҳамкорлиги кўлами ҳам кенгайган. Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тожикистоннинг Суғд ва Хатлон вилоятлари ўртасида фольклор фестиваллари, ёш ижодкорлар учрашувлари ва қўшма маданий тадбирлар доимий тус олган. Театр жамоалари ижодий сафарлари, қўшма кино лойиҳалари ва адабий анжуманлар икки мамлакат маданий маконини ўзаро бойитишга ҳисса қўшмоқда.
Туризм соҳасидаги шериклик ҳам маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади. Транспорт қатнови кенгайиши, чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилиши натижасида сайёҳлик алмашинуви сезиларли даражада ривожланди. Икки давлатнинг ўнлаб тарихий шаҳарлари маданий туризм марказларига айланмоқда.
Умуман, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар тарихий муштараклик асосида янги мазмун билан бойимоқда. Айни жараён икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш баробарида бутун Марказий Осиёда ўзаро ишонч, маданий яқинлик ва барқарор тараққиёт муҳитини ҳам шакллантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА