Гуландом Субҳонова: Биз – ўзбекистонлик тожиклар ота-болаларимиз туғилиб, мангу қўним топган шу муқаддас заминнинг фарзандларимиз
Ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик билан юртлар обод бўлади. Айниқса, ўзаро миллий ва этник низолар, диний, ҳудудий келишмовчиликлар кучайган бугунги дунёни куч эмас, инсонлар, миллатлар, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик сақлаб қолиши ўз исботини топмоқда. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг фақат ён қўшнилар эмас, балки глобал миқёсда ўзаро ишончли алоқаларни, ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати юртимиз равнақи, ободлигининг гаровидир.
Дарҳақиқат, муайян давлат ривожида ён-атрофдаги мамлакатлар билан яқин алоқа, яхши қўшничилик муносабати жуда муҳим. Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва қатъий сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиёдаги давлатлар билан муносабатда тўпланиб қолган муаммолар қисқа муддатда ҳал этилди. Чегаралар очилиб, ўзаро борди-келди йўлга қўйилди. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги азалий қўшничилик муносабати тикланиб, йиллар давомида икки томонда бир-биридан узилиб яшашга мажбур бўлган қариндош-уруғ, ака-ука, ота ва фарзандлар дийдорлашиши муаммоси кун тартибидан олиб ташланди.

– Ҳозир мамлакатимизда барча миллат ва элатлар қатори тожик маданияти, миллий, тарихий қадриятларини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Республика тожик маданияти маркази раҳбари Гуландом Субҳонова. – Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб 1 миллион 700 мингдан зиёд юртдошимиз истиқомат қилиб, юртимизнинг иқтисодий, ижтимоий тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Биз – ўзбекистонлик тожиклар ўзимизни ота-болаларимиз туғилиб, мангу қўним топган шу муқаддас заминнинг фарзандлари, деб биламиз. Ўзбекистон эса, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Ватанимиздир. Миллатдошларим орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор. Улар ана шу туйғу, Ватан меҳри билан яшаётгани учун ҳам бугун улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.
Юртимизда тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қолаверса, 255 мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Қатор олий ўқув юртларида тожик тилида таълим берадиган факультетлар, бўлинмалар бор. Янги Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсатига яна бир ҳаётий мисол: яқин йилларгача олий таълимдаги тожик гуруҳларига кириш учун тожик тилида тест топшириш имконияти йўқ эди. Натижада билимли болаларимиз олий таълимга киришда қийинчиликка дуч келарди. Мамлакатимиздаги ислоҳотлар сабаб ушбу масала ҳам ечим топди. Бу мамлакатимизда турли миллат вакилларига нисбатан яратилаётган шароитларнинг биргина кўринишидир.
– Қувонч билан айта оламанки, миллатимизнинг ҳар бир вакили қилаётган ҳар қандай меҳнат эътиборда, эъзозда, – дея сўзини давом эттиради Гуландом опа. – Сўнгги йилларда 130 дан зиёд тожик миллатига мансуб фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Масалан, параспортчи, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени билан тақдирланиб, унга уй, автомобиль совға қилинган. Тўхтамиш Тўхтаев, Бозоргул Назарова, Сатторжон Ғофуровлар қатори камина ҳам “Дўстлик” орденига сазовор бўлганмиз.
Бизни яна бир ҳолат доим қувонтиради. Президентимиз ҳар бир байрам табригида, халқимизга мурожаат йўллаганида ёки чиқишларида ҳамиша “кўп миллатли халқимиз” деган иборани ишлатади. Демак, диёримиздаги ҳар қандай миллат вакиллари кўп миллатли халқимизнинг доимий эътиборида. Яна бир жиҳат: ҳар йили Наврўз байрамида миллий маданий марказлар кўргазмаларини давлатимиз раҳбари шахсан кўздан кечириб, марказ раислари ва фаоллар билан самимий суҳбатлашади. Муаммоларимиз, келгусидаги режаларимиз ҳақида сўрайди. Бу гал ҳам эзгу анъана давом этди.

Элнинг обрўси, моддий бойлигидан кўра илм-маърифат, маданият тараққиётга кўпроқ ҳисса қўшишига тарихда ҳам, бугун ҳам мисоллар кўп. Шу ўринда тожик тилида дарс бериладиган мактаблардан бирини мисол сифатида келтирмоқчиман. Жиззах вилояти Янгиобод туманининг энг чекка ҳудудидаги Чаканд қишлоғидаги мактабни нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Тожикистонда ҳам яхши билишади. Аҳолиси икки тилда сўзлашса-да, қалби, ўй-фикри уйғун бу қишлоқдаги 6-умумтаълим мактабида 130 га яқин ўқувчи тожик тилида таълим олади. Ушбу мактаб кўплаб илмли кишиларни тарбия қилгани билан машҳур. Шу қишлоқдан етишиб чиққан саккиз нафар фан доктори ва фан номзоди турли илмий муассасаларда фаолият кўрсатаётир. Бугун Янгиободда ва қўшни туманларда чакандлик 40 нафардан зиёд шифокор, яна бир неча бошқа соҳанинг малакали мутахассислари ишламоқда. Ҳозир ушбу мактабнинг 40 нафардан зиёд битирувчиси турли олий таълим муассасаларида ўқимоқда. Бундай мисолларни бошқа вилоятлардан ҳам келтириш мумкин. Бу давлатимиз томонидан бошқа тилларда ўқийдиган ёшларнинг баркамол вояга етишлари учун зарур шароитлар яратилаётгани, дарслик, ўқув қўлланмалари билан тўлиқ таъминлангани самарасидир.
Гуландом Субҳонованинг сўзларига кўра, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган 130 ортиқ миллат ва элат вакиллари сафида тожик миллатига мансуб фуқаролар ҳам самарали, фидокорона меҳнати билан жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Республика тожик миллий маданий маркази, марказнинг вилоят ва туман бўлинмалари мунтазам равишда кўплаб илмий-адабий, маданий-маърифий тадбирлар уюштириб келади. Республика миқёсида ўтказиладиган барча тадбирларда фаол қатнашиб, урф-одатларимизни асраб-авайлаш, жамиятимизда дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдек эзгу ишларда ўзбеклар билан бақамти.

Дарвоқе, кўп асрлик тарихга эга халқларимиз дўстлиги тамал тошини 550 йилча бурун мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Навоий қўйишган. Буюк алломаларимиз асос солган хайрли аньана замонлар оша халқларимиз қардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келди. Бизнинг давримизда бу биродарлик Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Ойбек ва Садриддин Айний, Эркин Вохидов, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали, Мирсаид Миршакар ва Зулфияхоним сиймосида намоён бўлди.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг марказий истироҳат боғида Жомий ва Навоий ҳайкали қад ростлади, Душанбеда Низомиддин Алишер Навоий номли истироҳат боғи чирой очди. Ушбу мажмуа марказига ҳам халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида мутафаккир шоирларимиз ҳайкали ўрнатилди. Бу маънавияти уйғоқ ҳар бир инсон учун ёқимли. Икки улуғ зотга бундай юксак эҳтиром ўзбек-тожик халқлари маданий алоқасини янада мустаҳкамлади.
Бир сўз билан айтганда, қардош давлатларимиз раҳбарлари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатида янги даврни бошлаб берди. Шу тариқа халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик риштаси тобора мустаҳкамланмоқда.
Гўзал Сатторова, ЎзА