Ўзбекистон Омбудсмани Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянси йиғилишида иштирок этмоқда
Швейцариянинг Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсининг навбатдаги умумий йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамкорлигида БМТнинг Женевадаги қароргоҳида ўтаётган нуфузли тадбирда Ўзбекистон парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этмоқда.

Глобал альянс Бюроси мажлиси, Бош ассамблея, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тўрт минтақавий тармоғи учрашувлари ҳамда рақамли маконда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга бағишланган йиллик конференция ташкил этилди.
Ф.Эшматова тадбир доирасида қатор халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий давлатлар Омбудсманлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди. Жумладан, Осиё-Тинч океани форуми, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Глобал альянс котибияти ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги ваколатхонаси вакиллари билан мулоқотлар ўтказилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан “Рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг тажрибаси ва энг илғор амалиёт” мавзусида сайд-ивент ташкил этилиши режалаштирилган.
Қайд этиш лозимки, 2020 йилда Глобал альянс томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолияти Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилди ва унга “В” мақоми берилди. Ҳозирда “А” мақомни олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
***
Тадбир доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинди.

Айниқса, турли минтақаларда фаолият юритаётган миллий инсон ҳуқуқлари институтлари ҳисоботларининг тингланиши инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ёндашувлар, амалий механизмлар ва самарали тажрибалар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Бу эса, миллий институтлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб муаммоларга нисбатан замонавий ечимларни муҳокама қилиш ва илғор амалиётларни ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Глобал альянс 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, у бугунги кунда дунёдаги энг йирик миллий инсон ҳуқуқлари институтлари тармоқларидан бири ҳисобланади.
Глобал альянснинг расмий маълумотига кўра, 2025 йил декабрь ҳолатига 119 аъзо миллий инсон ҳуқуқлари институти мавжуд. Улардан 91 таси “А” мақомга, 28 таси “В” мақомга эга институтлардир.
Ўзбекистон Омбудсманининг мазкур тадбирлардаги иштироки мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро майдонда намойиш этиш, шунингдек бу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Абдураимова,
ЎзА