Ўзбекистон – косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш учун истиқболли ҳудуд
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фармацевтика ва косметика саноатини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Ана шу жараёнда хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан бир қатор нуфузли хорижий компаниялар билан учрашувлар ўтказилиб, соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинаётир.
Хусусан, агентлик директори Абдулла Азизов ҳамда Мўғулистоннинг “Monos Group” компанияси раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ҳудудида косметик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди. Компания вакиллари мазкур ташаббусга юқори қизиқиш билдириб, уни амалга ошириш мамлакатда косметика саноатини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлишини қайд этди.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг “Beijing Huahe International Business Consulting Co., Ltd.” компанияси билан ўтказилган онлайн музокараларда тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур компания 30 дан ортиқ йирик фармацевтика ташкилотлари, жумладан, “Sinopharm” билан ҳамкорлик қилиб келаётгани билан аҳамиятлидир. Учрашувда тиббий ускуналарни етказиб бериш ва маҳаллийлаштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, контракт ишлаб чиқариш ҳамда халқаро бозорларга чиқиш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Корея Республикасининг “U&K GLOBAL NETWORK” ташкилоти билан бўлиб ўтган мулоқотда эса мамлакатимизда косметика саноатининг ривожланиш салоҳияти ва инвестиция имкониятлари тақдим этилди. Корея томони Ўзбекистонни косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш учун истиқболли ҳудуд сифатида баҳолаб, бу борада ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу каби учрашувлар нафақат янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, балки соҳада илғор тажриба ва технологияларни жалб этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Айни пайтда Ўзбекистон фармацевтика бозорида импорт улуши ҳали ҳам юқори бўлиб қолаётгани, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш заруратини кўрсатмоқда. Шу боис хорижий шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш стратегик аҳамиятга эга.
Агар бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмаса, ички бозорда ташқи маҳсулотларга қарамлик сақланиб қолиши, нарх-наво барқарорлигига таъсир кўрсатиши ҳамда соҳада рақобат муҳитининг етарлича шаклланмаслиги каби салбий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Аксинча, инвестициялар ва технологиялар оқимининг ортиши маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтириш имконини беради.
Фармацевтика ва косметика саноатида халқаро ҳамкорликни кучайтириш бугунги кунда Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу орқали соҳада инновацион ривожланишга эришиш, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА