Ўзбекистон–Эрон аграр алоқаларида янги саҳифа очилмоқда
Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги Элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон–Эрон қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг бош мақсади — икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ривожлантириш, илғор технологияларни жалб этиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат.

Тадбир давомида аграр соҳанинг кўплаб истиқболли йўналишлари қамраб олинди. Хусусан, чорвачилик ва ветеринария, паррандачилик, балиқчилик ва аквакултура, ем-хашак етиштириш, уруғчилик, кўчат етиштириш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникалари, агродронлар ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Форумнинг энг муҳим ва амалий қисмларидан бири эса Ўзбекистон ва Эрон ишбилармон доиралари ўртасидаги Б2Б учрашувлар бўлди.

Бу мулоқотларда тадбиркорлар ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш, экспорт-импорт имкониятларини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда мавжуд лойиҳаларни янги босқичга олиб чиқиш имкониятига эга бўлди.
Аслида, бундай учрашувларнинг аҳамияти фақат музокаралар билан чекланмайди. Энг муҳими, музокара столи атрофида билдирилган ташаббуслар аниқ лойиҳаларга, келишувлар эса янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ва янги иш ўринларига айланиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА