Ўзбекистон дунё шахмат харитасида ўз юксалишини намойиш этади
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-Бутунжаҳон шахмат паралимпиадаси, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Конгресс йиғилиши, “FIDE Excellence Awards” тадбирлари ўтказилади.
Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида ташкил этилган матбуот анжумани Самарқандда ўтадиган нуфузли 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-Бутунжаҳон шахмат паралимпиадаси ҳамда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Конгрессига тайёргарлик масалаларига бағишланди.
Унда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш, иштирокчи жамоалар, фахрий меҳмонлар ва FIDE ижроия қўмитаси аъзоларини кутиб олиш, жойлаштириш каби ташкилий жиҳатлар муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров ва федерация бош котиби Бобур Сатторов шахмат олимпиадаси, шунингдек, FIDE Конгресси доирасида FIDE президентлиги учун ўтказиладиган тадбирларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
[gallery-31041]
Олимпиадада эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги беллашувларда умумий ҳисобда 400 га яқин жамоа иштирок этиш учун ариза топширган. Улардан 206 таси очиқ таркиб (асосан эркак шахматчилар) жамоалари бўлса, 192 таси аёллар жамоаларидир.
Бу, Самарқанд олимпиадасида 2024 йилги Будапешт олимпиадасига нисбатан 40 та кўп жамоа қатнашишини англатади.
Олимпиада дастурига кўра, мусобақанинг тантанали очилиш маросими 15 сентябрда Самарқандда бўлиб ўтади. 16-27 сентябрь кунлари эса 11 та классик босқич ўйинлари ўтказилади.
Эркаклар жамоалари рейтингида АҚШ терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Унинг таркибида Фабиано Каруана, Уэсли Со, Ҳанс Ниеманн, Левон Аронян, Авондер Лианг ва жамоа сардори, 2016 йилги шахмат олимпиадаси олтин медали соҳиби Жон Доналдсон каби маҳоратли шахматчилар бор.
Иккинчи ўринни Аржун Эригаиси, Праггнанандха, Пентала Ҳарикришна, Ниҳал Сарин, Гукеш Доммаражу, Видит Гужрати ва Сардор Сринатҳ Нараянан каби ўйинчиларни бирлаштирган Ҳиндистон терма жамоаси эгаллаган.
Ўзбекистон-1 терма жамоаси (сардор Рустам Қосимжонов, таркибда Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов) рейтингнинг 3-поғонасидан жой олган.
Очиқ таркибда Ўзбекистондан яна икки жамоа иштирок этади: Ўзбекистон-2 (Муҳаммадзоҳид Суяров, Абдумалик Абдусалимов, Жаҳонгир Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуратов, Ортиқ Ниғматов) рейтингда 32-ўринни, Ўзбекистон-3 (Саидакбар Саидалиев, Баҳром Баҳруллаев, Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асроржон Омонов) эса 55-ўринни эгаллаган.
Журналистларнинг аёллар терма жамоаларининг рейтинг кўрсаткичлари ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, федерация мутахассислари мамлакатда шахматга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли аёллар шахматида катта юксалиш кузатилаётганини таъкидлади.
Сўнгги 3-4 йил ичида Ўзбекистон шахматчи қизлари FIDE рейтингида кучли 40 таликка кира олмаган бўлса, бугунги кунда халқаро рейтингда кучли 20 таликка кўтарилди. Улар 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 13-ўринни эгаллаганликлари ҳам бунинг ёрқин исботидир.
Матбуот анжуманида мамлакатда ёш шахматчилар сонининг ортиши билан шахмат клублари кўпайгани, халқаро даражадаги мусобақалар сифати яхшилангани ва тизимли семинарлар натижасида халқаро ҳакамлар сони икки баравар ошгани қайд этилди.
Давлатимизнинг алоҳида эътибори туфайли Ўзбекистоннинг шахмат инфратузилмаси халқаро миқёсда намуна бўла оладиган даражага кўтарилгани таъкидланди.
Ёш шахматчиларимизнинг олимпиадалар, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, жаҳон кубоклари ҳамда нуфузли халқаро турнирларда эришаётган ютуқлари, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова каби ўнлаб иқтидорли ёшларнинг халқаро майдонда ўз салоҳиятини намойиш этиши, шунингдек, FIDE тизимидаги халқаро мусобақаларнинг юртимизда мунтазам ўтказилиши Ўзбекистонни қисқа муддатда дунёнинг етакчи шахмат мамлакатлари қаторига олиб чиқди.
Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-Бутунжаҳон шахмат паралимпиадаси, FIDE Конгресси ҳамда “FIDE Excellence Awards” тадбирлари мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада ошириши шубҳасиздир.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА