Ўзбекистон-Беларусь: атом энергетикасида қўшма ташаббуслар илгари сурилмоқда
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 6 апрель куни Минск шаҳридаги Беларусь Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигидаги делегация ҳамда Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган яқин ва ишончли муносабатлар стратегик аҳамиятга эга қўшма ташаббусларни илгари суришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Шунингдек, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга бўлган қатъий интилишнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди.

Музокараларда Беларусь Республикасининг атом энергетикаси соҳасидаги бой тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Беларусь АЭСини барпо этиш ва самарали эксплуатация қилиш борасида тўпланган амалий билимлар, шунингдек, замонавий ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасига эга Островец йўлдош шаҳрини ривожлантириш тажрибаси юқори баҳоланди. Ўз навбатида, Беларусь томони Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги жадал ижтимоий-иқтисодий тараққиётни эътироф этиб, бу жараёнлар йирик технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратаётганини қайд этди.
Ўзбекистон делегацияси амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, мамлакатимизда барпо этилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси лойиҳасида беларуслик мутахассисларни техник маслаҳатчи сифатида жалб этиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Жиззах вилоятида қуриладиган ижтимоий объектлар ҳамда атомчилар шаҳарчаси қурилишида Беларусь тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Беларусь томони ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, атом саноати учун зарур бўлган инфратузилмани шакллантириш борасидаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилди.
Музокаралар якунида томонлар Беларусь тажрибасини бевосита объектларда ўрганишни давом эттиришга келишиб олди.
Шунингдек, 7 апрель куни Ўзбекистон делегацияси Островец шаҳрига ташриф буюриб, шаҳар инфратузилмаси ҳамда Беларусь АЭС майдончаси билан яқиндан танишди. Ташриф давомида делегация аъзолари атом электр станциясининг илғор технологиялари, жумладан, замонавий реактор ускуналари, юқори технологияли бошқарув тизимлари, хавфсизлик ва эксплуатация соҳасидаги рақамли ечимларни ўрганди. Унда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилувчи инновацион тренажёрлар билан жиҳозланган ўқув-машғулот маркази фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА