Март ойи якунлари: 911,7 миллион киловатт-соат “яшил” электр энергияси ишлаб чиқарилди
Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажмларида барқарор ўсиш кузатилиб, бу нафақат энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, 2026 йил март ойида мамлакатимиздаги йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 911,7 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 92,1 миллион кВт⋅соатга ёки 9,7 фоизга кўп.
Жумладан, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми қуёш фотоэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келиб, улар томонидан 569,4 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шунингдек, шамол электр станциялари томонидан 342,3 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Эришилган натижалар туфайли салмоқли иқтисодий ва экологик самараларга эришилди. Хусусан, 243 миллион метр куб табиий газ тежалди ҳамда атмосферага 524 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 830,8 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА