Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шериклик ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик асосида янги босқичга кўтарилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтон шаҳрига амалга оширган амалий ташрифи доирасида ўтказилган ишбилармонлик учрашувлари ва имзоланган икки томонлама ҳужжатлар мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсати изчил давом этаётганини яна бир бор намоён этди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова шу ҳақда муносабат билдирди:
– Ташриф доирасида АҚШ ҳукумати, молиявий институтлари ҳамда етакчи компаниялар вакиллари иштирокида ўтган учрашув ва қўшма лойиҳалар тақдимоти Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатди. Мамлакатимизга нисбатан ишонч мустаҳкамланаётганини яққол тасдиқлади.
Энергетика, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, муҳим хомашё ресурслари ва молия бозори каби устувор йўналишларда эришилган келишувлар нафақат иқтисодий ўсишни жадаллаштиради, балки янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, вилоятлар ва АҚШ штатлари ўртасида бевосита алоқаларни кучайтириш бўйича берилган топшириқлар жойларда инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг глобал бозорга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
АҚШ савдо вакили билан ўтказилган музокараларда ўзаро савдо ҳажмининг бир миллиард доллардан ошгани, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилингани мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий тизимга янада чуқур интеграциялашаётганидан далолат беради.
Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, техник тартибга солиш ва рақамли савдо йўналишларида минтақавий ёндашувларни ишлаб чиқиш эса Марказий Осиёнинг умумий савдо-иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Умуман олганда, Вашингтондаги учрашувлар ва имзоланган битимлар Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигининг амалий мазмун билан бойиб бораётгани, ўзаро манфаат ва ишончга асосланган ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
Бундай йирик лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш, инновацион ривожланишни жадаллаштириш ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Абдураимова, ЎзА