Ўзбекистон – Албания: дипломатик алоқаларнинг янги динамикаси
Марказий Осиё ва Болқон минтақалари узоқ географик масофага қарамай, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги муносабатлар янги сифат босқичига кўтарилиб бормоқда.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1993 йил ноябрь ойида дипломатик ёзишмалар алмашинуви орқали ўрнатилган бўлса-да, узоқ вақт давомида бу ҳамкорлик асосан халқаро ташкилотлар – БМТ, ЙҲХТТ ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолди. Бироқ охирги даврда кузатилаётган янги динамика мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг сезиларли даражада жонланганидан далолат беради.
2025 йил 23 сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Албания Президенти Байрам Бегай билан учрашди. Учрашув давомида икки давлат раҳбари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Томонлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорлик механизмларини яратиш борасида фикр алмашдилар.
Алоҳида эътибор савдо ва инвестиция соҳасидаги имкониятларни ўрганишга, шунингдек қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди. Етакчилар минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга бўлган содиқликларини тасдиқладилар.
Давлат раҳбарлари учрашувидан сўнг, ўша куни 23 сентябрда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Нью-Йоркда Албаниянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Елиса Спиропали билан учрашди. Ушбу учрашув натижасида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида идоралараро ҳамкорлик тўғрисидаги баённома имзоланди. Вазир Саидовнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат икки мамлакат ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб бориш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Икки томонлама муносабатларнинг институционал жиҳатдан ривожланиши янги тайинланган элчи мисолида ҳам кўринади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Албаниянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гентз Пецани Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиғини тақдим этди. Учрашувда савдо, инвестиция, туризм, таълим ва маданий алмашинув каби ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки ўлка ўртасидаги шерикликни чуқурлаштирувчи янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга содиқлик тасдиқланди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳозиргача Албания Ўзбекистон билан муносабатларни Москвадаги элчихонаси орқали, ўз навбатида Ўзбекистон Албания билан алоқаларни Венадаги элчихонаси орқали олиб борган. Албания томонидан резидент элчининг тайинланиши ва ишонч ёрлиғини топшириши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги, институционаллашган босқичга ўтаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳали ҳам бошланғич босқичда бўлиб, икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Давлат раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирликлари даражасидаги сўнгги мулоқотлар, шунингдек дипломатик вакилликнинг кучайтирилиши – буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш йўлидаги изчил ҳаракатлардан далолат беради.
Қувончбек Маҳмудов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети “Халқаро муносабатлар” кафедраси докторанти