Янги Ўзбекистонга юксак ишонч ифодаси: TIIF-2026 рекорд даражадаги иштирокчиларни жамламоқда
Пойтахтимизда давом этаётган V-Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ҳаётида туб бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда.
Таъкидланишича, Тошкент уч кун давомида глобал капитал, халқаро бизнес ва йирик истиқболли қарорлар қабул қилинадиган бош марказга айланади. Аҳамиятлиси, бу йилги анжуман иштирокчилари географияси ва кўлами жиҳатидан форум тарихидаги мутлақ рекордни янгилади.
Йиғинда дунёнинг 100 та давлатидан 3 минг 423 нафар хорижий делегат жам бўлган бўлса, умумий иштирокчилар сони 8 минг 316 нафардан ошиб кетди. Бу кўрсаткичнинг ўзиёқ халқаро ҳамжамиятнинг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга ва иқтисодий барқарорликка бўлган ишончи нечоғли юқори эканини яққол исботлайди.
“Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик” шиори остида ўтаётган ушбу нуфузли анжуман доирасида геология, яшил энергетика, сунъий интеллект, транспорт-логистика, саноат кооперацияси ва рақамли иқтисодиёт каби стратегик йўналишлар диққат марказида турибди.
ЎзА мухбири мазкур анжуманнинг аҳамияти ва ўлкамизда хорижлик сармоядорлар учун яратилаётган инвестиция имкониятлари хусусида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бўлим бошлиғи Сардор Абдуалимовнинг фикрларини ёзиб олди.
- Жорий йилги форум мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Биз шунчаки маблағ жалб қилиш эмас, балки юқори технологияларга асосланган лойиҳаларни амалга оширишни бош мақсад қилганмиз. Форум доирасида сунъий интеллект, рақамлаштириш ва яшил технологиялар бўйича хорижнинг етакчи компаниялари билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган ҳуқуқий кафолатлар ва эркин бозор муҳити бугун ўз мевасини бермоқда. Энг муҳими, бу галги тадбирда Форс кўрфази ва Европанинг йирик капитал эгалари бўлган фондлар билан келажак иқтисодиёти пойдеворини қурадиган трансчегаравий лойиҳаларни муҳокама қиляпмиз.
Ишончим комилки, форум якунида имзоланадиган шартномалар юртимизда минглаб янги юқори даромадли иш ўринлари яратилишига ва ишлаб чиқариш тизимини тубдан модернизация қилишга хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА