“Ўзбекистон – 2030” стратегияси:халқ хизматидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилади
Қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қилувчи самарали тизимга айлантириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади саналади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳужжатдаги “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналиши 14 та мақсад ва 41 та банддан иборат. Аввало, унда маҳаллани кундалик муаммоларни ҳал қилишда жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш вазифаси қўйилган.
Шу мақсадда ҳар бир маҳалланинг 3D рақамли моделини ишлаб чиқиш, коммунал тармоқлар, йўллар ва қурилиш объектларини симуляция ва прогноз қилиш, ресурсларни манзилли тақсимлаш имкониятини яратиш белгиланган. Бу ёндашув маҳаллада муаммоларни фақат қайд этиш эмас, балки уларни олдиндан аниқлаш ва профилактик ҳал қилиш механизмини шакллантиради.

Яна бир муҳим вазифа – давлат бошқарувини “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида қайта ташкил этишга алоҳида ёндашилган.
Давлат дастурида давлат назорат функцияларини хатловдан ўтказиш, уларни фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан қайта таҳлил қилиш ҳамда ортиқча ёки такрорловчи функцияларни қисқартириш назарда тутилган. Бу, ўз навбатида, давлат бошқарувида функционал аниқликни таъминлаш, ортиқча маъмурий юкни камайтириш ва назоратнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Дастурда, шунингдек, давлат хизматларини рақамлаштириш ва “Сервис давлат” моделини кенг жорий этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар ва сервислар сонини 880 тага етказиш вазифаси қўйилган. Айрим давлат хизматларини “фойдаланувчи учун мослаштирилган” тамойили асосида соддалаштириш, ариза беришдаги ортиқча формал талабларни бекор қилиш, зарур маълумотларни идоралараро электрон базалардан автоматик олиш тизимини жорий қилиш белгиланган.
Бу йўналишда амалий натижалар кузатилмоқда. Хусусан, 2025 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 100 та янги электрон хизмат жорий этилиб, хизматлар сони 800 тага етказилган. Порталдан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 13 миллиондан ошган. Ягона порталнинг мобиль иловасида 75 та янги электрон хизмат жорий этилиб, уларнинг умумий сони 600 та, мобиль иловадан фойдаланувчилар сони эса 9,5 миллиондан зиёд бўлган.
Бу рақамлар 2026 йилга белгиланган 880 та хизмат кўрсаткичи бежиз танланмаганини, у мавжуд имкониятлар ва аҳолининг юқори талабидан келиб чиққанини кўрсатади.
Давлат фуқаролик хизматини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва бошқарувда профессионалликни кучайтириш масалалари ҳам Давлат дастурида назарда тутилган. Бу йўналишда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш каби чора-тадбирлар белгиланган. Мазкур ёндашув давлат органларида масъулиятли, билимли ва натижага ишлайдиган кадрлар корпусини шакллантириш учун муҳим асос бўлади.
Шунингдек, давлат дастурида миллий архив меросини асраш ва ахборот ресурсларини рақамлаштиришга қаратилган муҳим вазифалардан бири сифатида сунъий интеллектга асосланган “Ўзбекистон Миллий фотобанки”ни яратиш ҳам белгиланган. Мазкур ташаббус доирасида архив фотосуратларини босқичма-босқич рақамли форматга ўтказиш, уларни ягона электрон базага жамлаш, излаш ва саралаш имкониятларини сунъий идрок технологиялари асосида такомиллаштириш назарда тутилган.
Бу эса тарихий фотоҳужжатларни сақлаш, улардан тезкор ва самарали фойдаланиш, давлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини сифатли визуал материаллар билан таъминлаш, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихий меросини келгуси авлодларга замонавий шаклда етказишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, давлат дастурида адвокатура институти фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоя механизмларини замонавийлаштиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, адвокатларга ҳимоя остидаги шахслар билан қамоқда сақлаш жойлари, тергов ҳибсхоналари, ахлоқ тузатиш муассасалари, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда бошқа махсус муассасаларда учрашувлар ўтказиш учун электрон навбат олиш имкониятини яратиш белгиланган.
Ушбу янгилик адвокатлар фаолияти учун янада қулай ва шаффоф ташкилий механизмни жорий этиш, учрашувларни ташкил этишдаги ортиқча вақт сарфи ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш, шунингдек, ҳимоя ҳуқуқининг амалий таъминланишини кучайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили доирасида қабул қилинган Давлат дастури мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қилувчи тизимга айлантириш ҳамда рақамли ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган комплекс ҳужжат ҳисобланади.
Энг муҳими, мазкур дастурда белгиланган чора-тадбирлар нафақат давлат идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, балки фуқаролар учун қулай, очиқ ва адолатли бошқарув муҳитини яратишга хизмат қилади. Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзланган инсон қадрини улуғлаш, замонавий давлат хизматларини йўлга қўйиш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш мақсадларининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлади.
Инобат ҲАКИМОВА
“Тараққиёт стратегияси”
маркази бош мутахассиси.
ЎзА