«Ўзбекгидроэнерго» АЖ очиқ шахмат чемпионати ўтказилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда шахматни оммалаштириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида интеллектуал спорт турига қизиқишни оширишга қаратилаётган эътибор доирасида турли ташкилот ва корхоналарда ҳам шахмат мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташаббуси асосида вазирлик ва идоралар, акциядорлик жамиятлари марказий аппаратлари ходимлари ўртасида шахмат бўйича анъанавий очиқ чемпионат ўтказилмоқда.
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида ўтказилаётган мусобақада 120 нафардан ортиқ иштирокчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Турнирнинг асосий мақсади тизим корхоналари ходимлари ўртасида шахматни янада оммалаштириш, уларни спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этишдан иборат.
[gallery-31018]
Мусобақа Ўзбекистон шахмат федерациясининг малакали ҳакамлари томонидан FIDE қоидалари асосида, швейцар тизимида ўтказилмоқда.
Беллашувлар давомида турли соҳаларда фаолият юритаётган ходимлар шахмат тахтаси атрофида бир майдонда жам бўлиб, ўзларининг мантиқий фикрлаш, стратегик ёндашув ва тезкор қарор қабул қилиш маҳоратини намоён этмоқда.
Чемпионатнинг умумий соврин жамғармаси 300 миллион сўмни ташкил этади. Мусобақа якунига кўра, энг юқори натижа қайд этган иштирокчилар ғолиб ва совриндорлар сифатида аниқланади.
Хусусан, биринчи ўрин соҳиби 130 миллион сўм, иккинчи ўрин эгаси 100 миллион сўм, учинчи ўринни қўлга киритган иштирокчи эса 70 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, қатор махсус номинациялар бўйича иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар топширилади.
Таъкидланганидек, бундай мусобақалар ходимларнинг спортга қизиқишини ошириш билан бирга, улар ўртасида дўстона муҳит ва соғлом рақобатни мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН олган сурат), ЎзА