Ўзбек ва тожик санъаткорларининг дўстлик кечаси
Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида юртимизда ўтказилган “Тожикистон маданияти кунлари” тадбирларининг якуни сифатида икки мамлакат санъат усталари иштирокида “Дўстлик кечаси” номли концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Тожикистон маданият вазирлиги масъуллари сўзга чиқиб, азалдан дўсту қардош бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги алоқалар кейинги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётгани, хусусан, маданий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланаётганини қайд этди. Ўзбекистон ва Тожикистонда мунтазам ўтказилаётган маданият кунлари бунда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Бу гал юртимизда тожикистонлик маданият ва санъат, кино намояндалари иштирокида кўплаб маданий тадбирлар, концерт дастурлари, театр ва кино санъати асарлари намойиш қилинди.
– Икки мамлакат санъат усталарининг бундай концертлари халқларимиз ўртасидаги дўстликни намоён этувчи яхши анъанага айланди – дейди Самарқанд вилояти “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов. – Зеро, меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш – халқларимизнинг азалий орзуси ва муштарак интилишидир. Бугун ана шу орзу-интилишлар ҳаётга кўчмоқда, мамлакатларимиз етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу жиҳатлар бугунги концерт дастурида ҳам ўз ифодасини топди.
[gallery-28438]
Тожикистон маданияти кунлари икки халқ учун ҳам қадрли бўлган Наврўз байрами тантаналари давом этаётган кунларда ўтказилгани, унинг шукуҳини янада оширди.
Концерт дастурида ўзбек ва тожик халқларининг Наврўз билан боғлиқ куй-қўшиқлари, халқ оғзаки ижоди намуналари, баҳор ва дўстлик мадҳ этилган ашулалар ижро этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари