Алплар тасвирланган асарлар кўргазмаси
Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Масъуд Холовнинг “Алп Турон изидан” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг рангтасвир асарлари, эскиз ва қораламалари, шунингдек, болаликда яратган дастлабки ишлари намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, рассом ижоди асрлар давомида маданий анъаналар шаклланган, халқлар тақдири кесишган, буюк шахслар дунёга келган Турон ва Туркистон тарихига бағишланган. Она юрт ўтмишига бўлган қизиқиш, унинг улуғворлигини ифода эта оладиган бадиий воситаларни излаш мусаввирнинг ёшлигидан то ҳозирги кунгача бўлган ижодий йўлини белгилаб берди. У болалигидаёқ миллий қаҳрамонлар тасвирларини чизишни бошлаган, айниқса буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймосига кўп мурожаат қилган. Бу унинг ижодида асосий мавзу бўлиб қолмоқда.

Масъуд Холов тарихий материал билан ишлашда турли манбалардан, жумладан, ёзма маълумотлар, илмий тадқиқотлар, миниатюралар, тасвирий маданият ёдгорликларидан фойдаланади. Бу унга нафақат қаҳрамонларнинг ташқи қиёфасини тиклаш, балки уларнинг ички дунёси ва характерини ҳам ифодалаш имконини беради.

Кўргазмада намойиш этилган асарлар орасида Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби буюк сиймолар портретлари алоҳида ўрин тутади. Муаллиф уларнинг образларини қайта талқин этиб, тарихий ҳаққонийликни бадиий ечим билан уйғунлаштирган. Асарлар қаҳрамонлари куч-қудрат, шаън ва инсон руҳиятининг тимсоли сифатида намоён бўлади.

Шу билан бирга, образлар галереяси эркак шахслар билан чекланмайди, унда аёл қиёфалари ҳам мавжуд. Рассом бу сиймоларга мурожаат қилиш орқали аёлларнинг қадр-қиммати, тарихий аҳамиятини очиб беради, қаҳрамонлик ҳақидаги анъанавий тушунчани кенгайтиради.
Кўргазмада тарихий меъморий мажмуаларни тиклашга бағишланган асарлар ҳам ўрин олган бўлиб, улар макон ва даврни чуқур бадиий англашни акс эттирган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА