Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг капитал таъмирланган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Икки қўшни халқ санъат, театр, ижод аҳли, олимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўз олган Қирғиз Республикаси Вазирлар Кабинети раисининг ўринбосари Эдил Байсалов, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ҳамда бошқа расмийлар томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги, дини, суви бир, тили ўхшаш икки қардош, қўшни халқ ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг хизматлари беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди.


Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан икки томонлама ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида эришилган келишувга асосан, ўзбекистонлик қурувчилар томонидан Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг биноси капитал реконструкция қилинганлиги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Очилиш тадбирида қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаган ўзбекистонлик қурувчиларнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, уларга миннатдорчилик билдирилди, илғор қурувчиларга совға-саломлар топширилди.


Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши билан Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биноси бутунлай янгича қиёфага, замонавий, кўркам, муҳташам кўринишга эга бўлди. Ижодий жамоа ҳамда томошабинлар учун зарур барча шароитлар яратилди.
Таъкидлаш керакки, қарийб 100 йиллик тарихга эга З. М. Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри нафақат Қирғизистонда, балки Марказий Осиёдаги кўҳна, ўзининг ижодий анъаналарига эга санъат муассасаларидан бири ҳисобланади. Театр ўтган асрнинг бошларида, аниқроғи 1914 йилда драмтруппа тарзида ташкил этилган, 1929 йилда профессионал театр сифатида фаолият кўрсата бошлаган. Ана шундан буён театр Қирғизистонда ўзбек санъатини тарғиб қилиб, икки қўшни халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.


Турли йиллар давомида театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Манас”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Лайли ва Мажнун”, “Соҳибқирон”, “Нодирабегим”, “Зебунисо”, “Чўлпон” сингари жуда кўп спектакллар юксак маҳорат билан намойиш этилиб, томошабинлар олқиш ва эътирофига сазовор бўлган. Бундан ташқари, жамоа кўплаб халқаро театр фестивалларида ҳам совринли ўринларни қўлга киритган.
Бино очилиши икки халқ вакиллари учун ҳақиқий байрамга айланди. Расмийлар, таниқли санъаткорлар томонидан ленталар кесилди. Тадбир иштирокчилари янгиланган театр биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.


– Санъат, маданий алоқалар барча даврларда турли халқларни бир-бирига яқинлаштирган, – дейди Бобур номли Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри директори Аъзамжон Абдураззоқов. – Бугун ана шу тарихий ҳақиқатни яна бир бор гувоҳи бўлиб турибмиз. Энг асосийси, асрлар оша қондош, қардош бўлиб яшаган икки қўшни халқ дўстлиги ва биродарлиги янада мустаҳкамланаётганлигидан бошимиз кўкка етди. Айниқса, Ўзбекистон Президенти ташаббуси, ҳукумати кўмаги билан театримиз биноси янгилаб берилганлигидан миннатдормиз. Бу хайрли иш нафақат санъат соҳаси, балки барча соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга, икки қўшни халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга кенг йўл очиб беради. Ишонч билан айта оламанки, халқларимиз дўстлиги абадий барқарор бўлади.
Шундан сўнг қирғизистонлик санъат усталари, бадиий жамоалар томонидан катта концерт дастури ҳамда кирғиз ва ўзбек театр артистлари иштирокида саҳналаштирилган “Айрилиқ” спектакли намойиш этилди.





Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА