Ёшларга илҳом ва куч бағишлаган танлов
Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги Наманган вилояти болалар кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан “Уйғониш” ёшлар адабий танлови уюштирилди.
Адабий тадбирда пойтахтимиздан келган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Абдунаби Ҳамро, Шоди Отомурод, шунингдек, маҳаллий ижодкорлар Носир Аббос, Дилором Эргашева, Иброҳим Маҳкамов, Муҳаммад Вали ва Гули Муродлар иштирок этишди.

Назм ва наср йўналишларида ўтказилган танловда 50 нафардан ортиқ ёш ижодкор ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Иштирокчилар ўз шеърлари, ҳикоялари ва насрий битиклари орқали адабиётга бўлган қизиқиши, бадиий тафаккури ҳамда ижодий салоҳиятини намоён этишди.

Зеро, ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва адабий жараёнга жалб этиш миллий адабиётимиз келажаги учун муҳим қадамлардан биридир.
Тадбир давомида ёшларнинг ижод намуналари таниқли адиблар томонидан баҳоланиб, уларга адабий маҳорат, бадиий ифода ва ижодий изланиш борасида тавсиялар берилди. Тажрибали қаламкашлар билан ёш ижодкорлар ўртасидаги мулоқот эса танловнинг мазмунини янада бойитди.

– “Уйғониш” каби адабий танловлар ёшларнинг ўз истеъдодини намоён этиши, ижодий изланишларини кенгайтириши ва адабиётга янада яқинлашишида муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Постда” ижтимоий-сиёсий газетаси мухбири Жаҳонгир Тўхтасинов. – Камина ҳам танловда иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин эгаллаганимдан беҳад мамнунман.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлдими томонидан муносиб равишда тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири