Ўзбек ва АҚШ олимлари ҳамкорлигининг маҳсули
Юртимиз ва АҚШ олимлари илмий ҳамкорлигида яратилган “The Age of Two Intelligences: Competition, Cooperation — the Future of Humanity AI” (“Икки ақл даври: рақобат, ҳамкорлик — инсоният ва сунъий интеллект келажаги”) номли асар инглиз тилида чоп этилди.
У китоб Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессорлари А.Ахатов, О.Эсонов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, академик Б.Зарипов, Нью-Йорк университети (АҚШ) профессори Э.Гурман ҳаммуаллифлигида тайёрланган. Мазкур янги асар давримизнинг долзарб масаласи — сунъий интеллект келажаги, унинг илм-фанга, инсон организмига потенциал таъсири тадқиқига бағишланган. Шунингдек, СИнинг инсон физиологиясида қўлланилишига ҳам эътибор қаратилган.
Таъкидлаш керакки, СИ бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча жабҳаларига жадал кириб бормоқда. Айниқса, у иқтисодиёт тармоқлари, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимига кенг татбиқ қилиняпти. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, дунё иқтисодиётида СИ ҳажми 20 триллион доллардан ортиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳам СИни ривожлантиришга жиддий эътибор бериляпти. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бугун инсоният янги цивилизация босқичига – сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда. Қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлади”.
Ана шу ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, юртимизда СИни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада қисқа давр ичида соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилиб, давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда кўплаб лойиҳалар ишга туширилди.
— Ушбу жараёнда илм-фан ва таълим соҳалари пешқадамлик қилмоқда, — дейди асар муаллифларидан бири, академик Б.Зарипов. — Бунда олий ўқув юртларида СИ лабораторияларини ташкил этиш ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, олийгоҳларга қабулда СИ, фин-тех, кибер-хавфсизлик, IT-муҳандислик, аэрокосмик ва булутли технологиялар каби йўналишлар учун давлат гранти квоталари оширилаётгани рағбатлантирувчи омил бўляпти. Пировардида Янги Ўзбекистоннинг СИ соҳасидаги салоҳияти тобора ортяпти. Хорижий экспертлар буни 10 миллиард доллардан ортиққа баҳолашмоқда. Буни имкониятга айлантириш, реал натижаларга эришишда илмий асарларга талаб ортиши табиий. Бизнинг “The Age of Two Intelligences: Competition, Cooperation — the Future of Humanity AI” номли китобимиз ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб яратилди. Унда инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадр тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги асослаб берилган. Шунингдек, инсон тафаккури ва сунъий интеллект ўртасидаги зиддият эҳтимоли, бундай низоларнинг олдини олиш ва ҳал қилишнинг потенциал ёндашувлари ҳар томонлама кўриб чиқилган.
Дарҳақиқат, китобда инсон саломатлиги ва сунъий интеллектнинг ўзаро муносабатларига алоҳида ўрин берилган бўлиб, инсон тафаккури ва сунъий билишда мантиқ, ҳиссиёт ва ҳиссиётларнинг ўзаро таъсири чуқур тадқиқ қилинган. Шу аснода муаллифлар соҳа ривожининг ҳозирги босқичида сунъий ва инсон интеллектининг ўзаро мослашишини рағбатлантириш муваффақиятга кенг очади, деган тўхтамга келган ҳамда бу бўйича амалий ғоялар ва тавсиялар ҳам берган.
АҚШнинг нуфузли “Амазон” нашриётида чоп этилган ушбу китоб нафақат соҳа вакиллари ва олий ўқув юрти талабалари, балки кенг китобхонлар оммасига ҳам манзур бўлади, деган умиддамиз.