Ўзбек тилига бўлган меҳри чегара билмайди
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўзбек тилини хорижда ва мамлакатимизда кенг тарғиб этиш, уни ўрганаётган ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Ўзбек тили — қалбим таржимони”, “Тил билимдонлари” ҳамда бошқа бир қатор республика танловларининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда турли таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг ўзбек тилини ўрганиш борасидаги интилишлари, тилга бўлган ҳурмати ва миллий маданиятимизга қизиқиши алоҳида эътироф этилди.
Қувонарлиси, танловда Бухоро давлат тиббиёт институти талабаси, Ҳиндистон фуқароси Мазин Мойидинкутти “Ўзбек тили — қалбим таржимони” республика танловида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Ёш совриндорга диплом, эсдалик совғаси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида пул мукофоти топширилди.
Мазин Мойидинкуттининг ушбу ютуғи бир жиҳатдан хорижлик ёшларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, тилимиз мамлакатимизда таълим олаётган чет эллик талабалар учун ҳам янги билим ва мулоқот имкониятларини очаётганини намоён этади.
Хорижлик талабанинг ўзбек тилида эркин мулоқот қилиши, танловда муносиб иштирок этиб, совриндор бўлиши эса миллий тилимизнинг инсонлар қалбига йўл топаётганидан дарак беради. Бу каби ютуқлар ўзбек тилининг нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро таълим ва маданий мулоқот майдонида ҳам ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири