Миллий давлатчилик сабоқлари
Бухоро давлат университетида “Мозийда туркий қавм ва ўзбекларнинг миллий мустақиллик ҳамда давлатчилик учун олиб борган курашлар тасвири (ёзувчи Жўра Фозил асарлари асосида)” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди.
Тарихий хотира ва миллий ўзликни англаш масалалари бугунги кунда нафақат тарих фани, балки адабиёт, маънавият ва тарбиянинг ҳам муҳим тадқиқот йўналишларидан бирига айланмоқда. Зеро, ўз тарихини чуқур англаган халқгина бугунги тараққиёт йўлини тўғри белгилаб, келажакка мустаҳкам ишонч билан қадам қўя олади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тарихий меросни асраб-авайлаш, буюк аждодлар илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий давлатчилик тарихини холис ва илмий асосда тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мазкур конференция ҳам ана шу эзгу ташаббусларнинг илмий-маърифий йўналишдаги амалий ифодаларидан бири сифатида аҳамиятлидир.
Анжуманнинг дастлабки қисмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими раҳбари, “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари бош муҳаррири Шодмон Сулаймонов, Садриддин Айний номидаги Тожикистон педагогика давлат университети Филология факультети декани, доцент Саврам Багозода ҳамда Бухоро вилояти ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов сўзга чиқди.
Маърузаларда туркий халқлар тарихи, ўзбек давлатчилигининг шаклланиш ва тараққиёт босқичлари, миллий мустақиллик учун олиб борилган курашларнинг ижтимоий-сиёсий моҳияти, уларнинг бадиий адабиётдаги талқини хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Айниқса, ёзувчи Жўра Фозил ижодида тарихий воқелик ва инсон тақдири, миллий хотира ва маънавий қадриятлар уйғунлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Адиб асарларида тарих шунчаки ўтмиш воқеалари силсиласи сифатида эмас, балки бугунги авлод учун сабоқ ва маънавий таянч бўла оладиган тирик хотира сифатида намоён бўлиши таъкидланди.

Жўра Фозил — ўзбек адабиётида тарихий мавзуларни инсон тақдири, миллий руҳ ва маънавий изланишлар билан уйғунлаштириб келаётган ижодкорлардан. Жўра Ваҳобович Фозилов 1949 йил 5 октябрда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган адибнинг “Муҳаббатнинг байрамлари”, “Барқут мавсум”, “Бухоро элчиси”, “Бахт юлдузи”, “Менинг қизил гулим”, “Бухорийнинг қайтиб келиши”, “Айрилиқ остонаси”, “Тирамоҳ армонлари”, “Ғозиён зиндони”, “Йўлбарсдаранинг сўнгги султони”, “Ошиқ Бухорий қиссалари”, “Хонгулнинг саргузаштлари” каби ҳикоя, қисса ва романлари китобхонлар эътиборига ҳавола этилган.
Ушбу асарларнинг муҳим жиҳати шундаки, уларда тарихий воқеалар инсон тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тасвирланади. Адиб тарих саҳифаларида қолган воқеалар орқали озодлик, Ватан, садоқат, жасорат, миллий ғурур каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга интилади.
Шу маънода Жўра Фозил ижоди нафақат адабий, балки тарихий-маърифий аҳамиятга ҳам эга. Унинг асарларини ўрганиш орқали муайян тарихий даврлар, халқнинг орзу-интилишлари, миллий давлатчилик ғоясининг илдизлари ва озодлик учун курашларнинг бадиий ифодасини англаш мумкин.
Адибнинг “Дўстга зор бўлган кунинг” ҳикояси асосида қозоғистонлик кино ижодкорлар томонидан бадиий фильм суратга олингани ҳам унинг ижоди чегаралар ошганидан далолат беради.

Жўра Фозил таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. У рус адабиётининг таниқли намояндалари Константин Паустовский ва Виктор Астафьевнинг қисса ва романларини ўзбек тилига таржима қилган. Адиб асарларининг жаҳон халқларининг 20 дан зиёд тилига таржима қилингани унинг ижодий мероси халқаро адабий жараёнда ҳам қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади.
Адибнинг миллий адабиёт ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси давлат томонидан ҳам муносиб эътироф этилган. Жўра Фозил Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Бугун тарихни ўрганишга муносабат ўзгармоқда. Тарихий шахслар ва давлатчилик анъаналарига холис ёндашиш, миллий ўзликни англашга хизмат қиладиган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тарихий ва адабий манбаларни янги методология асосида ўрганиш муҳим вазифага айланмоқда. Бухорода ўтказилган мазкур конференциянинг аҳамияти ҳам шунда. Унда тарих ва адабиётнинг ўзаро таъсири, бадиий асарнинг тарихий хотирани шакллантиришдаги ўрни, миллий давлатчилик ғояларининг авлоддан авлодга ўтиши каби масалалар илмий нуқтаи назардан муҳокама қилинди.
Зеро, адабиёт халқнинг тарихий хотирасини сақлайди, тарих эса адабиётга мазмун ва маънавий замин беради. Уларнинг уйғунлиги ёш авлоднинг миллий тафаккурини бойитиш, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда беқиёс аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири