Ўзбек ономастикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган олим
Ўзбек тилшунослиги кейинги ўн йилликларда мазмун ва кўлам жиҳатидан сезиларли даражада ривожланди. Айниқса, ўтган асрнинг иккинчи ярмидам бошлаб бу соҳада янги илмий йўналишлар шаклланди. Экспериментал фонетика, фонология, морфонология, фразеология, услубшунослик, нутқ маданияти, социолингвистика, ареал лингвистика ва лингвостатистика каби йўналишларнинг пайдо бўлиши ўзбек тилшунослигининг назарий ва амалий асосларини мустаҳкамлади. Ана шу жараёнда ономастика ҳам тилшуносликнинг мустақил ва истиқболли тармоқларидан бири сифатида шаклланди.
Ономастика – тилшунослик доирасида шаклланган бўлса-да, унинг тадқиқот объекти фақат тил материаллари билан чекланмайди. Чунки жой номлари, киши исмлари, уруғ-қабила номлари, сув ҳавзалари, тоғ ва қишлоқ номлари кўпинча тарих, этнография, география ва ижтимоий ҳаёт билан узвий боғлиқ ҳолда вужудга келади. Шу сабабли ономастика кўп фанлар туташган нуқтада ривожланадиган илмий йўналиш ҳисобланади. Мустақиллик йилларида ўзбек тилининг ижтимоий-сиёсий мавқеи ошгани сайин тилшунослик соҳасида, хусусан, ономастик тадқиқотларда янги босқич бошланди. Давлат тили мақомини мустаҳкамлашга доир қонун ва қарорлар, миллий тарих ва қадриятларга янгича ёндашув, жой номлари ва тарихий атамаларга эътибор кучайиши бу йўналишнинг долзарблигини янада оширди.
Бугунги кунда ўзбек ономастикаси фақат илмий изланиш доирасида қолиб кетган соҳа эмас. Унинг натижалари таълим тизимида, луғатчиликда, тарихий-маданий меросни тиклашда, ҳудудий номлаш амалиётида ҳам қўлланмоқда. Бу эса соҳанинг назарий натижалари амалий ҳаётга таъсир кўрсата бошлаганини билдиради. Номларга илмий асосда ёндашиш миллий хотирани сақлаш, тарихий манзаранинг узвийлигини тиклаш ва ёш авлодда она тилига ҳурматни шакллантиришда муҳим омил бўлиб бормоқда.
Соҳанинг мана шундай муҳим йўналиши, ўзбек ономастикаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган олимлар орасида Мўмин Турдибековнинг илмий фаолияти алоҳида ўрин тутади. Ёшликдан билимга чанқоқлик, адабиётга ошуфталик ва интилиш унинг ҳаёт йўлини белгилаб берди.
Устознинг меҳнат фаолияти изчиллик, сабр-тоқат ва доимий ўсиш тамойили асосида шаклланган. У фаолиятини 1984–1991 йилларда тарих-филология йўналишида таҳсил олишдан бошлаган, 1985–1987-йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. Кейинчалик Хўжанд давлат университети, Гулистон давлат университети, ЎзФА Тилшунослик институти, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ренессанс таълим университетида турли лавозимларда фаолият юритди.
Унинг илмий изланишлари ономастика билан бевосита боғлиқ. 2001-йилда “Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асари ономастикаси” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини қўлга киритди. 2023 йил 13 январда “Шимолий Тожикистон топонимларининг тарихий-лингвистик хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари доктори даражасига сазовор бўлди, 2025 йилда эса профессор унвонини олди. Ушбу тадқиқот ўзбек ономастикасидаги муҳим ишлардан бири сифатида баҳоланади, унинг натижалари ўзбек ва тожик тили тарихи, ономастика, диалектология, тарих ва география фанлари учун фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
Мўмин Турдибековнинг илмий-педагогик мероси ўз кўлами ва мазмуни билан алоҳида эътиборга лойиқ. У илмий фаолияти давомида учта монография, учта дарслик, учта ўқув қўлланма, олтита ўқув-услубий қўлланма ва 150 дан ортиқ илмий мақола эълон қилган. Наш этилган ишлар эса олимнинг юксак фаоллиги, меҳнатсеварлиги ва илмий фикрдаги сермаҳсуллигини яққол намоён этади. Бу мерос бугунги талабалар, ёш тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари учун мустаҳкам назарий-амалий манба вазифасини ўтайди.
Илмнинг ҳақиқий қудрати унинг амалиётга хизмат қилишида намоён бўлади. Олим илмий кенгашлар ва семинарлар фаолиятида иштирок этиб, ёш тадқиқотчиларга раҳбарлик қилмоқда. Ҳақиқий устоз фақат билим бермайди – у илмга муҳаббат уйғотади, инсонни камолга етаклайди, шогирднинг келажагига ишонч бағишлайди. Мўмин Турдибеков ана шундай мураббийлар тоифасига мансуб. Унинг раҳбарлигида қатор филология фанлари доктори ва 10 та яқин фалсафа доктори диссертациялари бажарилаётгани устознинг илмий мактаб яратаётганини англатади. Бу эса ҳар қандай олимга насиб этавермайдиган юксак бахт ва катта шарафдир.
Мўмин Турдибековнинг фазилатлари ҳақида сўз юритганда, унинг шахсий инсоний қиёфасини алоҳида таъкидлаш жоиз. У ташкилотчи, ғамхўр мураббий, билимдон педагог сифатида талабалар орасида ҳурмат қозонган. У маънавий-маърифий тадбирларда, ёшлар тарбиясига қаратилган учрашув ва давра суҳбатларида фаол қатнашиб, талабалар онгида ватанпарварлик, маънавий ҳушёрлик, меҳнатга масъулият ва соғлом дунёқарашни қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг топонимик таҳлиллари асосида Тошкент ерусти метроси бекатларига Қипчоқ ва Қиёт номлари берилган.
Шу маънода Мўмин Турдибековнинг 60 йиллик юбилейи нафақат бир олимнинг таваллуд санаси, балки ўзбек ономастикаси тараққиётига қўшилган амалий ва илмий ҳиссани эътироф этиш учун ҳам муҳим сана ҳисобланади.
Ренессанс таълим университети
Филология кафедраси жамоаси