"Ёшлар куни" доирасида тадбирлар ўтказилди (+видео)
Бугун ёшлар билан ишлаш фақатгина тадбир ўтказиш билан чекланиб қолмай, уларнинг келажакдаги йўлини белгилаб беришга хизмат қиладиган муҳим жараёнга айланмоқда.
Айниқса, бандлик, касб танлаш ва ахборот хавфсизлиги каби масалаларга эътибор қаратилиши ёшларни турли таҳдидлардан асраш ва уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда катта аҳамиятга эга. Бундай ташаббуслар ёшларнинг ўз салоҳиятини англашига, жамиятда муносиб ўрин топишига замин яратади.
Шу мақсадда Юнусобод туманида Миллий гвардия қўмондонлиги ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида "Ёшлар куни" муносабати билан бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
"Ёшлар куни" доирасидаги тадбирлар Юнусобод тумани ҳокимлиги биносида ҳудуддаги умумтаълим мактаблари битирувчилари, оталиққа олинган ёшлар ҳамда Миллий гвардия тизимида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, кибермаконда хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашув билан бошланди.
Учрашув давомида экстремистик оқимлар, зарарли ахборотлар, кибермакон таҳдидлари ҳамда интернет хавфсизлиги ва гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирлар Миллий гвардия ҳамда Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида тумандаги 96-сонли умумтаълим мактабида Миллий гвардия қўмондони кубоги учун “Заковат” интеллектуал ўйини билан давом эттирилди. Унда 70-, 96- ҳамда 150-сонли мактаблардан тузилган 8 та жамоа, жами 60 нафар битирувчи синф ўқувчилари билимларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, 70-сонли мактабнинг “Етакчи ёшлар” жамоаси 1-ўринни, “Реставрация” жамоаси 2-ўринни, 150-сонли мактабнинг “Тўмарис” жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/duIchWNqjac" title=""Yoshlar kuni" doirasida tadbirlar o`tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (видео), ЎзА