Ўзбек геофизиклари халқаро танловда биринчи ўринни эгаллади
Нефть ва газ саноатида замонавий технологияларни ўзлаштириш баробарида, юқори малакали ва касбий маҳорати юксак мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Халқаро касб маҳорат танловлари эса соҳадаги илғор тажрибани оммалаштириш, амалий кўникмаларни намойиш этиш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Шу мақсадда Россия Федерациясида “Нефть ва газ саноати ходимлари куни” муносабати билан “Татнефть” гуруҳи томонидан “PROFNEFT” халқаро касб маҳорат танлови ташкил этилди. Нуфузли беллашувда Россия, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг соҳада фаолият юритувчи компаниялари вакиллари билан бир қаторда, Ўзбекистон жамоаси ҳам иштирок этди.
Мамлакатимиз шарафини “Ўзбекгеофизика” АЖнинг “Устюрт геофизика экспедицияси” филиали кон-геофизика партияси ходимлари ҳимоя қилди. Улар нефть ва газ қудуқларида кон-геофизика ишлари йўналишидаги беллашувларда юқори касбий тайёргарлик ва амалий маҳоратини намоён этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ўзбекистонлик мутахассислар ўз билим ва тажрибасини амалда намоён қилиб, барча рақибларидан устун келди. Бу эса жамоанинг касбий салоҳияти билан бир қаторда, соҳада тўпланган амалий тажрибанинг ҳам юқори даражада эканини кўрсатди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматига кўра, “PROFNEFT” каби халқаро беллашувлар мутахассисларнинг касбий маҳоратини янада ошириш, илғор иш усулларини ўрганиш ва халқаро тажриба алмашиш учун муҳим имконият яратади. “Ўзбекгеофизика” АЖ жамоасининг мазкур танловдаги иштироки юртимиз геофизика мутахассисларининг юксак касбий салоҳияти ва амалий тажрибасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА