“Ўзбегим ўғлонлари” – ғолиб
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида жойлашган ҳарбий қисмда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи баҳслари бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг чегараолди ҳудудлари бўлган Учқўрғон, Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Чуст ва Поп туманларида ғолиб бўлган жамоалар ўзаро беллашди.
Чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчилар ўртасида ташкил этилган мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, давлатимиз манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга тайёрлаш, жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантириш ҳамда давлат сиёсатини фаол амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
Мусобақа шунингдек, ўқувчиларни ҳарбий касбга йўналтириш ва келгусида уларни республиканинг олий, олий- ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига йўналтириш ва босқичма-босқич тайёрлаб бориш учун хизмат қилади.
[gallery-29065]
Жамоалар саф тайёргарлиги, билимлар синови, Калашников автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш, Калашников автоматини йиғиш, ўғил болалар 1000 метрга, қизлар 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, азимут бўйича ҳаракатланиш, граната улоқтириш, заҳарланган ҳудуддан ўтиш, тиббий ёрдам кўрсатиш каби шартларда маҳорат намойиш этди.
Мусобақада Учқўрғон тумани ихтисослашган мактабининг “Ўзбегим ўғлонлари” жамоаси биринчи, Янгиқўрғон туманидаги 32-умумтаълим мактабининг “Ёш сарҳад посбонлари” жамоаси иккинчи, Чуст туманидаги 31-умумтаълим мактабининг “Сарҳадлар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА