Волонтёрлар меҳнати эътироф этилди
Мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро аҳамиятга эга тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилиши, юртимизга ташриф буюраётган мамлакатлар делегацияларини кутиб олиш, уларга ҳамроҳлик қилиш, жонажон диёримизнинг эътиборга молик масканлари билан яқиндан таништиришда кўнгиллилар, яъни волонтёрларнинг алоҳида хизматлари бор.
Бу, “кўринмас қаҳрамонлар”нинг меҳнатлари туфайли чет эллик сайёҳлар, ташриф буюрувчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, одамлар кайфияти, халқимизнинг ўзига хос бетакрор маданияти ҳақида тасаввурга эга бўлмоқда.

Жорий йил апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида пойтахтимизда таэквондо WТ бўйича ташкил этилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Бош ассамблеяси ва унинг доирасидаги турли халқаро тадбирларнинг ҳар жиҳатдан профессионал ўтишида, дунёнинг 100 га яқин давлатидан келган спортчилар, мураббийлар, мутахассисларга яқиндан кўмак кўрсатган юртимиз волонтёрлари меҳнат қилишдики, бу таҳсинга лойиқ иш бўлди.

Куни кеча Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциациясида волонтёрларининг меҳнатлари эътироф этилиб, уларга миннатдорлик билдирилди.
Тадбир давомида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда ёшларнинг ўрни беқиёслигини таъкидлаб, юртимизда волонтёрлик фаолияти ривож топаётганини, бунда бир қатор лойиҳалар қаторида Ёш спорт лидерлари дастури муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА