ЎзА АҚШ ва Канададаги ватандошлар билан мулоқотни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида АҚШдаги нуфузли ватандошлар ташкилотларидан бири – “Vatan Global Alliance” раҳбари Озод Солиев билан учрашув бўлиб ўтди.
Бугун жаҳон ахборот маконида муайян мамлакат ҳақида холис, ишончли маълумотни тезкор тарқатиш, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Vatan Global Alliance” Қўшма Штатлардаги ватандошларимиз тузилмалари орасида фаоллиги билан ажралиб туради. Ташкилот етакчилари ўз фаолияти доирасида океан орти ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда юртимиздан АҚШга борган турли вазирлик, идора ва ҳудудлар делегациялари иштирокида учрашув, форум, кўргазма ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади. Бундай мулоқотлар натижаси ўлароқ, мунтазам равишда турли ҳужжатлар имзоланиб, қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувга эришилади.
Учрашувда дастлаб ЎзА томонидан эълон қилинаётган диёримиз ҳаётига доир муҳим хабарлар, давлат дастурлари шарҳи, инвестициявий имконият, туризм, маданият, таълим ва бошқа муҳим соҳаларга оид расмий, ишончли ахборотни Америка жамоатчилигига етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳаёти, ютуқлари ва ташаббуслари, ёшларнинг таълим ва касбий ривожланиш борасидаги муваффақиятлари, тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳалари, маданий-маърифий тадбирлар ҳақидаги мақола, интервью, фото ва видео маҳсулотлар мамлакатимиз аҳлига ЎзА саҳифалари орқали тақдим этиб борилади.
Эътиборлиси, бу жараён бир томондан, хориждаги ватандошлар ўлкамизда рўй бераётган ўзгаришлар тўғрисида ишончли манбадан тезкор ахборот олади, иккинчи томондан Шимолий Америкада ўз салоҳияти, билими ва меҳнати билан танилаётган юртдошларимиз фаолияти Ўзбекистон жамоатчилигига яқиндан таништирилади.
– АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошларимиз Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти, халқаро майдондаги ташаббуслари, маданий-маърифий ҳаётимиздаги янгиликларни қизиқиш билан кузатиб боради, – деди “Vatan Global Alliance” раҳбари Озод Солиев. – Шу маънода, Миллий ахборот агентлиги билан бевосита ҳамкорлик ўрнатилгани биз учун ишончли ва тезкор ахборот манбаига эга бўлиш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Бинобарин, масофа нечоғли олис бўлмасин, инсон туғилиб ўсган юртидаги ўзгаришлар, янгилик ва жараёнлардан хабардор бўлиб туришни истайди. Бунинг учун энг аввало ишончли ахборот зарур. Қолаверса, океан ортига йўл олган ватандошларимиз орасида илм-фан, таълим, бизнес, тиббиёт, замонавий технология сингари кўплаб соҳаларда юқори натижага эришаётган юртдошларимиз бисёр. Умуман, ЎзА билан яқин шериклик жараёни ана шундай икки томонлама ахборот алмашинуви учун самарали майдон яратди.
Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов хориждаги ватандошлар билан доимий ва самарали мулоқот жараёнида замонавий медиа имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Яқинда АҚШда бўлиб ўтган “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти доирасида имзоланган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Vatan Global Alliance” ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми асосида АҚШда ЎзА жамоатчи мухбири фаолияти йўлга қўйилиши эса уммон ортида кечаётган муҳим жараёнларни Ўзбекистон ахборот маконига узатиш имкониятини янада кенгайтиради.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттириш, билдирилган таклифларни эса амалий механизмга айлантиришга келишиб олдилар.
Ўткир Алимов,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА