Тиббиёт тизимидаги муаммолар очиқ муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, профилактик кўриклар қамрови, дори воситалари билан таъминлаш ва бирламчи тиббий бўғин фаолиятидаги муаммолар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одиловнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида тиббий муассасалар фаолияти жойларнинг ўзида ўрганилиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати, мавжуд имкониятлар ва улардан самарали фойдаланиш даражасига баҳо берилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар соҳа масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда атрофлича кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда профилактик тиббий кўриклар 85,6 фоиз, скрининг текширувлари эса 94,1 фоизга бажарилган. Бироқ Гулистон шаҳри, Оқолтин, Сирдарё, Мирзаобод ва Сардоба туманларида мазкур кўрсаткичлар талаб даражасида эмас. Бу эса аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Йиғилишда бирламчи тиббий бўғин муассасаларининг зарур дори воситалари билан таъминланиши, лаборатория ва диагностика хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам танқидий нуқтаи назардан баҳоланди. Хусусан, Сардоба, Ховос, Сайхунобод, Гулистон, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларни ташкил этишда қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Реимбурсация дастури доирасида электрон рецепт расмийлаштириш кўрсаткичлари айрим туман ва шаҳарларда талаб даражасида эмаслиги ҳам танқид қилинди.

Тиббий хизмат сифати бевосита шифокорларнинг клиник протокол ва даволаш стандартларига қатъий амал қилиши билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, айрим бирламчи тиббиёт муассасаларида белгиланган талабларга тўлиқ риоя этилмаётгани жиддий танқидга сабаб бўлди. Хусусан, Сайхунобод туманида бир қатор беморларга дори воситалари клиник жиҳатдан етарлича асосланмаган ҳолда тайинлангани аниқланди. Бундай ҳолатлар тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, беморлар саломатлиги учун ҳам муайян хавфларни юзага келтириши мумкин.
Шунингдек, беморларни стационар даволанишга йўналтиришдаги камчиликлар, айрим туман ва шаҳар шифохоналарида кафолатланган пакет доирасида дори воситалари билан таъминлаш ҳолатининг қониқарсизлигига ҳам эътибор қаратилди.
Йиғилишда бирламчи тиббий ёрдам муассасаларида аҳоли учун хизмат турларини кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Президентнинг тегишли фармони асосида тажриба-синов лойиҳаси жорий этилган Сирдарё туманидаги 15 та оилавий поликлиниканинг фақат 7 тасида стоматология хизматлари аутсорсинг асосида ташкил этилгани қайд этилди. Бу ҳолат бирламчи тиббий бўғинда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турини кенгайтириш ва тиббий ёрдамнинг қулайлигини ошириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини кўрсатади.
— Бугун тизимдаги муаммоларнинг асосий илдизи жойлардаги раҳбарларда менежерлик салоҳияти ва молиявий билим етарли эмаслигида ҳам кўринмоқда. Шу боис соҳадаги ҳар бир масъул ўз муассасасидаги мавжуд имкониятларни тўғри баҳолаши, маблағлардан оқилона фойдаланиши зарур. Агар уларнинг бу борадаги дунёқараши ўзгарса, тизимдаги кўплаб муаммоларга ечим топилади, — деди вазир.
Йиғилишда камчиликларга йўл қўйган масъуллар фаолиятига танқидий баҳо берилиб, улар жиддий огоҳлантирилди.

Муҳокамалар якунида бирламчи тиббий бўғин фаолиятини янада такомиллаштириш, профилактик кўрик ва скрининг тадбирларини сифатли ташкил этиш, аҳолини кафолатланган пакет доирасида зарур дори воситалари ва тиббий хизматлар билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, давлат тиббий суғуртасининг янги механизмларини кенг жорий этиш, реимбурсация дастури бўйича электрон рецепт расмийлаштиришни жадаллаштириш, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири