Ой учун "мусобақа" авжида
"NASA" амалга оширган “Artemis II” миссияси муваффақияти космосдаги рақобатни янада кучайтирди. Мазкур миссия доирасида тўрт нафар астронавт Ойнинг сайёрамизга кўринмайдиган орқа тарафидан учиб ўтиб, инсоният тарихидаги энг узоқ парвозни амалга оширди. Бу натижа 2028 йилга мўлжалланган табиий йўлдошга қўниш миссияси учун муҳим қадам бўлди.
Бу жараён Хитой учун ҳам катта босим яратмоқда. Пекин 2030 йилгача инсонни Ойга қўндиришни режалаштирган ва шу мақсадда янги технологиялар ишлаб чиқмоқда. Жумладан, “Long March-10” ракетаси, “Mengzhou” кемаси ва “Lanyue” қўниш модули тайёрланмоқда. ХХР сўнгги йилларда Ойнинг турли қисмларидан намуналар олиб келиб, катта тажриба тўплади.
Мутахассислар фикрича, бу рақобат фақат технология эмас, балки геосиёсий аҳамиятга ҳам эга. АҚШ ва Хитой Ойда доимий иштирокни таъминлаш учун турли халқаро ташаббусларни илгари сурмоқда. Бир томонда “Artemis” келишувлари, иккинчи томонда эса Хитой ва Россия қўллаб-қувватлаётган лойиҳалар бор. Энди масала ким биринчи бориши эмас, балки ким у ерда узоқроқ қолишига айланмоқда.
Шу билан бирга, Пекин олдида катта техник синовлар турибди. Барча ускуналарни бир вақтда ишончли ишлатиш ва хавфсизликни таъминлаш осон эмас, бироқ таҳлилчилар ХХР ўз режаларини амалга оширишга яқин эканини айтмоқда. Демак, яқин йилларда Ой учун кураш янада қизғин тус олиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА