Овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизмлар яратилади
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев мамлакатимизда ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳага илғор технологияларни татбиқ этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни кўпайтириш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкалари ажратиш, ов қилишни фақат белгиланган жойларда амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, овчиликка тааллуқли ҳужжатларни бериш жараёнларини рақамлаштириш зарурати юзага келгани қайд этилди.
Қонун билан “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Қурол тўғрисида” ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
“Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунда овчилик гувоҳномаси давлат хизматлари орқали, овчилик йўлланмаси эса махсус электрон дастур орқали берилиши назарда тутилмоқда.

Овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер овчилик базалари учун ҳамда 100 гектаргача ер питомниклар барпо этиш учун инвестициявий ҳамда шартномавий мажбуриятлар белгиланган ҳолда электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилиши назарда тутилмоқда.
Энг муҳими, агар 2 йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил этилмаса, ижара шартномаси бекор қилиниши белгиланмоқда.
Овчилик гувоҳномалари ва йўлланмаларини беришга, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни белгилаш ҳамда тақсимлашнинг илмий асосланган тартибини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
Қонун ов қилишни фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган жойларда, шунингдек эркин ов қилиш жойларида амалга оширишни белгилашга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ҳамда ўрмон фонди ерларида овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида ажратишни тартибга солишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Сенаторлар маъқуллаган қонун овчилик соҳасида ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизмларни яратиш, соҳада назоратни кучайтириш, ёввойи ҳайвонлар ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ҳамда овчилик хўжаликларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА