Ёш китобхонлар интеллектуал беллашувда синовдан ўтди
Сирдарё вилоятида “Энг фаол ёш китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда вилоятнинг турли ҳудудлари ва соҳаларидан сараланган 25 нафар ёш ишчи-ходим иштирок этди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилди. Иштирокчилар “Зукколик синови” ҳамда “Эркин сўз ва интеллект” шартлари бўйича беллашиб, адабиёт, китобхонлик ва умумий билимлар, шунингдек, таҳлилий фикрлаш ва нутқ маданияти борасидаги салоҳиятларини намоён этишди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали лаборатория ходими Сарвиноз Мухторова биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин мазкур таълим муассасасининг Иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар кафедраси стажёр-ўқитувчиси Муроджон Эрматовга насиб этди. Учинчи ўрин Сирдарё туманидаги 21-мактаб ўқитувчисига берилди.

Маълум қилинишича, танловнинг туман, шаҳар ва тармоқ босқичлари жорий йилнинг март–май ойларида ўтказилган бўлиб, уларда мингга яқин ёш ишчи-ходимлар иштирок этишган.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов мазкур танловлар ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари, фаол иштирокчиларга эса ташаккурномалар топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА