Ўтган йил миллиардерлар бойлиги рекорд даражага етди
2025 йил дунё миллиардерларининг жами бойлиги тарихий энг юқори даражага чиқди. Бу ҳақда "Oxfam" ташкилотининг йиллик ҳисоботига таяниб, "France24" хабар берди. Давос иқтисодий форуми арафасида эълон қилинган ҳужжатда асосий бойлик айнан бадавлатлар қўлида жамланиши сиёсий жиҳатдан хавфли оқибатга олиб келиши мумкинлиги таъкидланган.
Маълумотга кўра, миллиардерлар жамғармаси бир йил ичида 16,2 фоиз ошиб, 18,3 триллион долларга етган. Бу ҳолат АҚШ Президенти Дональд Трампнинг иккинчи муддатда олиб бораётган сиёсати, бозор тартибга солиниши сусайиши ва корпоратив солиқ бўйича халқаро келишувлар заифлашуви билан боғланмоқда.
Ҳозир дунёдаги миллиардерлар сони 3 000 дан ошган. Ҳайратланарлиси, энг бой 12 инсон, жумладан Илон Маск Ер аҳолисининг энг камбағал ярми — 4 миллиарддан ортиқ кишидан ҳам кўпроқ бойликка эгалик қилмоқда.
Ҳисобот муаллифлари бойлик сиёсий таъсир воситасига айланаётганидан хавотир билдирмоқда. Бунга мисол сифатида Маск X ижтимоий тармоғи, Жефф Безос "The Washington Post" газетасини сотиб олгани келтирилган. "Oxfam" ижрочи директори Амитаб Биҳор айни жараённи демократия учун хавф сифатида кўряпти.
Шунингдек, АҚШ компаниялари 15 фоизлик глобал минимал солиқдан озод этилиши ижтимоий тенгсизлик муаммосини янада кучайтириши мумкинлиги қайд этилган. Таҳлилчилар фикрича, бир жойда ҳаддан зиёд пул тўпланиши демократияни заифлаштиради, кенг жамоатчилик манфаатига жиддий таҳдид солади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА