Осиё чемпионати эшкак эшувчиларимиз учун омадли бошланди
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Хитойда ўтаётган Осиё чемпионатида қитъамизнинг турли давлатларидан келган спортчилар қатори ҳамюртларимиз ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
Чемпионатнинг илк кунида маҳоратли эшкак эшувчимиз Шаҳриёр Маҳкамов K-1 йўналишида 1000 метр масофага ўтган баҳсларда олтин медалга сазовор бўлди. Миржалол Комилов эса ушбу масофага C-1 бўйича ўтган пойгаларда кумуш медаль билан тақидрланди. C-2 (1000 м) беллашувларида Нурислом Тўхтасин ўғли ва Камронбек Ахтамов тандеми марраги иккинчи бўлиб етиб келди.

Шунингдек, аёллар ўртасида C-2 таснифида ўтган 1000 метр масофадаги беллашувларда Хонзода Эркинова / Муаттархон Қодиржонова жуфтлиги бронза медалини қўлга киритди. Милана Душев-Янич эса K-1(1000 м)да Шаҳризода Мавлонова ҳамда Озоджон Амриддинов дуэти K-2 бўйича микст (500 м) баҳсларида учинчи поғонадан жой олди.
Шу тариқа, мусобақанинг биринчи кун беллашувларидан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини жамғаришга муваффақ бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА