Орзу – тарихий юксалиш учун илҳом манбаи
Азалдан инсоният, сайёрамиздаги халқлар, цивилизациялар доимо азалий орзуси – мукаммал, адолатли жамият, эркинлик ва тенглик, урушсиз дунё сари интилиб келади.
Бундай тасаввур моҳиятан тарихий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида намоён бўлади. Социолог-файласуф Макс Вебер таъкидлаганидек, ижтимоий ҳаракат мудом жамият эволюцияси йўналишини шакллантирувчи маъно ва қадриятга таянади. Айнан шу жараён орқали инсоният ютуғи ёки муваффақиятсизлигини баҳолаб, ўз мавжудлигига маъно бағишлайди.
Интилиш тарихий тараққиёт қувватидир. Зеро, киши ҳамиша нимадир ўзгариш кутади, ижтимоий тузумнинг янада мукаммал шаклини қидиради. Шу нуқтаи назардан 2025 йил Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) тузилган сана нишонланиши алоҳида илмий-амалий аҳамият касб этади. Шу тариқа тарихга яна бир бор юзланиш, 1945 йил БМТ Низомида муҳрлаб қўйилган глобал мақсадни қайта баҳолаш учун муҳим сабаб пайдо бўлди.
Урушдан кейинги дунё тартиботи ва “Узоқ тинчлик” феномени
Икки жаҳон уруши даҳшатини бошдан кечирган давлатлар ўшанда янги, янада адолатли дунё тартибига асос солишга муваффақ бўлганди. Яъни, БМТ мақсад ва тамойилида мужассамлашган ўзига хос “инсониятнинг умумбашарий орзуси” шакллантирилди. Айни концептуал ёндашув замирида келажакда урушларнинг олдини олиш, халқаро ҳуқуққа ҳурматни қарор топтириш ва инсон эркинлигини кенгайтириш ғояси ётарди. Бу қараш марказида шахснинг қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинлиги турарди.
Ушбу келишув натижаси ўлароқ, мамлакатлар бағрикенглик кўрсатиш ва халқаро хавфсизликни сақлаш йўлида саъй-ҳаракатни бирлаштириш мажбуриятини олдилар. Қуролли куч фақат умумий манфаат йўлида қўлланиши мумкинлиги эълон қилинди. БМТ Низоми қабул қилиниши дунё харобазорга айланган бир пайтда барчага умид бағишлади. Бу воқеа янги бир давр бошланишини англатувчи бурилиш нуқтаси ўлароқ, инсон ҳуқуқини тасдиқлаш, халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболини очиб берди.
Тарих гувоҳ: урушдан кейинги кўп томонлама келишувлар салмоқли тарихий мерос қолдирди. Миллионлаб инсон ҳаёти сақлаб қолинди, асосийси учинчи жаҳон урушининг олди олинди. Глобал тинчлик сақланиши ижтимоий ва барқарор ривожланиш учун пойдевор вазифасини ўтади. Халқаро ҳамжамият урушдан кейинги йиллардан XXI аср бошига қадар даврни бетартибликдан институционал, маълум даражада олдиндан айтиш мумкин бўлган дунё тартибига ўтиш босқичи деб билади. Айнан шу пайт либерал халқаро тартибот шаклланиб, БМТ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби тузилмалар мустаҳкамланди. Ғарб илмий анъаналарида кўпинча “совуқ уруш” сифатида таърифланадиган бу давр буюк давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув кузатилмаган, нисбатан барқарор босқич сифатида эътироф этилади. Айнан ўша йиллари тийиб туриш тизими ва “узоқ тинчлик” – “Long Peace” концепцияси шаклланди. Бу жараёнга параллел равишда деколонизация ва глобаллашув юз берди: империялар қулади, жаҳон иқтисодиётида ўзаро боғлиқлик кучайди.
Замонавий геосиёсий тебраниш ва глобал хавфсизлик инқирози
Бугун эса инсоният яна тарихий чорраҳага келиб қолди. Халқаро муносабатлар “тарихий синиш” – тебраниш, ноаниқлик ва шиддатли ўзгариш даврига қадам қўйди. Замонавий таҳдид кўлам жиҳатидан 1945 йилдаги хавф-хатар билан қиёсланадиган даражага етди.
Замоннинг асосий хусусиятига қуйидагича таърифбериш мумкин:
Янги, янада кескин ва беқарор геосиёсий ҳамда геоиқтисодий воқелик шаклланиши.
Йирик давлатлар ўртасидаги ишонч инқирози чуқурлашиб, мулоқот тизими издан чиқиши.
Зиддиятни куч билан ҳал қилишга уриниш глобал хавфсизлик асосига путур етказиши.
БМТ маълумотига кўра, дунёда давлатлар иштирокида олтмишдан ортиқ низо мавжудлиги, урушлардан ўн биттаси кенг кўламли экани.
Сайёра аҳолисининг чорак қисми беқарор ҳудудда яшаётгани, 120 миллион одам уй-жойини тарк этишга мажбур бўлгани.
Иқтисодий номутаносиблик ҳам хавотирли. Ҳарбий харажат шиддат билан ўсиб, 2025 йилга бориб 2,7 триллион долларга етиши тахмин қилинмоқда. Агар ҳозирги суръат сақланиб қолса, 2035 йилга келиб бу миқдор икки баробар ошиши мумкин. Ҳолбуки, ҳарбий сарфнинг атиги бир неча фоизини қайта тақсимлаш орқали очарчилик муаммосини ҳал қилиш, болаларни эмлаш ёки ривожланаётган мамлакатлар иқлим ўзгаришига мослашишида ёрдам бериш мумкин бўлар эди. Ҳозир замонавий халқаро тизим чуқур инқирозга юз тутгани ҳақидаги фикрлар тобора кўпроқ янграмоқда. Таҳлилчилар либерал тартиб емирилиши, глобал бошқарув инқирозидан сўзламоқда. Дунё кўп қутблилик сари жадал ҳаракатланиб, бу жараён қадриятлар ва институтлар рақобати билан кечмоқда.
Глобал тартиботнинг рақобатдош усуллари ва етакчилар парадигмаси
Замонавий дунё тартиботи меъморчилигига оид ягона қараш ҳалигача мавжуд эмас. Жаҳон етакчилари замонавий халқаро тизим чуқур инқирозни бошдан кечираётгани борасида якдил фикрда. Мавжуд тартиб кучларнинг ҳақиқий мувозанатини акс эттирмайди ва жиддий ислоҳот талаб этади, мазмунидаги хулоса кенг тарқалмоқда. Келажак дунё тузилишига оид қарашлар бир-биридан фарқланиб, глобал тартиботнинг рақобатдош моделларини шакллантирмоқда:
Либерал модел ҳимоячилари. Европа Иттифоқи мамлакатлари кўп томонлама муносабат ва халқаро ҳуқуққа асосланган мавжуд тизимни сақлаб қолиш ҳамда мослаштиришга интилмоқда. Бундай мантиққа кўра, ислоҳотлар эволюцион хусусиятга эга бўлиши зарур. Хусусан, Эммануэль Макрон ва Жоржа Мелони кўҳна қитъанинг стратегик автономияси ғоясини илгари сурмоқда.
Реал парадигма. Дональд Трамп ёндашуви асосини миллий суверенитет ва давлат манфаатининг глобал мажбуриятдан устун қўйилиши ташкил этади. Айни ёндашувда дунё универсал меъёр тизими эмас, балки прагматик келишув майдони сифатида талқин қилинади.
Суверен-кўп қутбли дунё концепцияси. Владимир Путин ва Си Цзиньпин изчил илгари сураётган бу модел талқинича, халқаро ҳуқуқ тизимига Ғарбга йўналтирилган дунё тартибини ўрнатишга интилиш туфайли путур етган. Путин фикрича, бундай услуб нафақат адолатсиз, балки тарихан яшовчан эмас. У БМТ роли заифлашуви “куч ҳуқуқи”га қайтишга олиб келишини таъкидлайди. Си Цзиньпин ҳам давлатларнинг суверен тенглиги тамойилини мустаҳкамлаш лозимлигини қайд этади.
Глобал Жануб ва инклюзивлик. Нарендра Моди, Режеп Таййип Эрдоған, Масъуд Пезешкиён каби етакчилар мавжуд институтларни янги реалликга мослаштириш тарафдори. Уларнинг ёндашуви янада адолатли ва инклюзив дунё тартибини шакллантиришга қаратилган. Асосий мақсад – БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш.
“Самарқанд бирдамлик ташаббуси” прагматик ечим сифатида. Мавжуд зиддиятлар асносида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг позицияси ва глобал ҳамкорликка доир янги ёндашувлари алоҳида қизиқиш уйғотади. Путин Мирзиёевнинг юксак сиёсий обрўга эга, кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошираётган етакчи сифатидаги фаолиятини доимий равишда юқори баҳолаб келади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” давлатларни очиқ ва инклюзив мулоқотга жалб этиш, ишонч тақчиллигини енгиб ўтишга йўналтирилган. Мазкур ташаббуснинг моҳияти ўзаро англашувни тарғиб қилиш ва замонавий таҳдидларга биргаликда жавоб қайтаришдан иборат. Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати очиқлик ва тенг ҳуқуқ тамойилига асосланган. “Самарқанд руҳи” ўзаро ҳурмат ва хавфсизлик ажралмаслиги фалсафаси сифатида глобал келишувлар учун асосий мезон вазифасини ўтайди. Бу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан асосий йўналишларда ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш ниятини кўзлаган. Динлараро зиддият кучайиб бораётган шароитда бағрикенглик, тотувлик каби қадриятлар илгари сурилиши жуда долзарб.
Хулоса
Назарий жиҳатдан мазкур мураккаб геосиёсий вазиятни халқаро муносабатнинг турли кўринишлари – либерализм, реализм ва неореализм, шунингдек, С.Хантингтон таърифлаган цивилизациявий ёндашувнинг тўқнашуви сифатида талқин қилиш мумкин. Фрэнсис Фукуяма таъкидлаганидек, либерал тартибот инқирози амалдаги қоида батамом йўқ бўлиб кетишини эмас, балки ўзгараётгани, янги шароитга мослашаётганини англатади. Карл Шмидт руҳидаги назарий ўлчовда эса содир бўлаётган воқеани фундаментал сиёсатнинг – манфаат ва тараққиёт усуллари зиддиятига қайтиш сифатида кўриш мумкин.
Хулоса шуки, халқаро тизим ривожланишининг ҳозирги босқичи шунчаки инқироз эмас, балки келгуси дунё тартиботининг турли моделлари ўртасидаги рақобатдир. Инсоният азалий орзуси – тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш учун доимий саъй-ҳаракат талаб этилади. Охир-оқибат, инсоният мақсадига эришиш давлатлар ва етакчиларнинг сиёсий иродасига, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги танловни амалга оширишга тайёрлигига боғлиқдир. XXI аср дунёси қандай бўлиши айнан мамлакатларнинг қарама-қаршиликни енгиб ўтиб, ҳамкорлик йўлини танлай олиш қобилиятига боғлиқ бўлиб қолади.
Гулҳаё Барноева,
Барқарор ривожланиш маркази эксперти