Арнасойга дунё эшик очмоқда
Жиззах вилоятининг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Арнасой туманида халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Океания минтақасида жойлашган, иқлим ўзгаришидан энг кўп таъсирланаётган давлатлардан бири саналувчи Тувалу Республикаси Ички ишлар, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири доктор Маина Талианинг ташрифи ҳудуднинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат берди.
Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари, инвестициявий жозибадорлиги ва туризм салоҳияти муҳокама қилинди. Айниқса, Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида шаклланаётган экологик туризм масканлари, хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳамда сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.

Мамлакатимизда ҳудудларнинг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ҳудудларнинг инвестициявий салоҳиятини намоён этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва инвесторлар билан манзилли ишлаш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Учрашув чоғида доктор Маина Талиа Тувалунинг иқлим ўзгаришига мослашиш тажрибаси ҳақида сўз юритди. Шунингдек, у Арнасойнинг ноёб табиати, сув ҳавзалари ва экологик туризм имкониятларини юқори баҳолаб, бу йўналишда ҳамкорлик қилиш истиқболлари мавжудлигини таъкидлади.
— Бугун ҳар бир ҳудуд ўз имкониятлари билан халқаро майдонга чиқмоқда, — дейди Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов. — Биз учун ҳар бир хорижий делегация ташрифи оддий учрашув эмас, балки янги инвестициялар, янги лойиҳалар ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган ташаббуслар учун имкониятдир. Арнасойнинг туристик ва иқтисодий салоҳиятини дунёга кенгроқ танитиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Мулоқот якунида туризм, экология ва инвестиция соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Минглаб чақирим масофа ажратиб турган Арнасой ва Тувалуни бугун умумий мақсад — барқарор тараққиёт, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик бирлаштирмоқда. Энг муҳими, бу каби учрашувлар Янги Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати жойларда ҳам аниқ натижа бераётганини намоён этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА