Оролбўйининг туристик салоҳиятини оширишдаги ютуқлар ва истиқболлар
Сўнгги йилларда хорижий сайёҳларнинг Оролбўйига қизиқиши ортиб бормоқда. Бу борада ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Зарикеев билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 299 маданий мерос ва зиёрат объекти рўйхатдан ўтказилган бўлса, шундан 131 археологик объект, 24 архитектура объекти, 99 та монументал объект ва 45 та диққатга сазовор жойлардир. Жумладан, 40 дан ортиқ маданий мерос объекти туризм йўналишига киритилган. Шунингдек, 2021 йилда ҳудудда 56 та жойлаштириш ўрни, 42 та туроператор ҳамда турфирма фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб жойлаштириш ўринлари сони 108 тага, туроператор ҳамда турагентлик субъектлари сони 100 тага етди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, сўнгги йилларда Оролбўйига келаётган хорижий сайёҳларнинг юқори ўсиш суръати кузатилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистонга 2018 йилда 347 минг маҳаллий, 82 минг нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, ўтган 2025 йилда бу кўрсаткич 2 миллион 65 минг нафар маҳаллий, 405 минг нафар хорижий сайёҳни ташкил этди. 2026 йилнинг I чорагида эса 497 минг нафар маҳаллий ва 44 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
– Оролбўйида соҳа ходимларига қандай имтиёз ва имкониятлар берилган, шунингдек, сайёҳларга яратилган шароитлар талабга жавоб берадими?
– Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистондаги туроператорларга имтиёз асосида экстремал туризмни ташкил этиш учун “йўловчилар”нинг импорт божи ва утилизация йиғимининг амалдаги ставкасининг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб тўлашга рухсат берилди. Шу билан бирга, Қорақалпоғистонда уч юлдузли даражага айлантирилган меҳмонхонага субсидия ажратиш тизими мавжуд. Шу асосда бугунги кунда 5 тур-оператор томонидан 18 дона йўл танламас автотранспорт олиб келиниб, 1 ярим миллиард сўмлик божхона тўловидан имтиёз олинди.

Қолаверса, Қорақалпоғистонда 3 та меҳмонхонага 3 юлдуз тоифаси берилган бўлса, 1 та меҳмонхонага 5 юлдуз тоифаси берилди. Шулар қаторида, сўнгги 2 йил ичида сайёҳлар учун 10 дан ортиқ дам олиш маскани ташкил этилди. Хусусан, Мўйноқ туманида ҳозирги Орол денгизи бўйида Сайёҳлар дам олиш маскани, Элликқалъада “Ақчакўл” бўйида туризм рекреацион ҳудуди ҳамда Нукус шаҳрида “Ашшикўл” бўйида туризм этно овули ташкил этилди. 2024-2025 йилларда Қорақалпоғистонда туризм соҳаси бўйича умумий миқдори 400,1 миллиард сўмлик 94 инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ҳамда 349 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, Нукус шаҳрида дунёдаги энг катта “Қора уй”нинг қад ростлагани ва “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилди. Қолаверса, Тахтакўпир туманида фойдаланишга топширилган “Қоратеран” этнотуристик мажмуаси ва “Тах-тепа” этно-овули бугунги кунда халқимизнинг файзли дам оладиган масканларидан бирига айланди.
– Келгусида амалга оширилаётган ишларга тўхталсангиз?
– Туризм объектларини ташкил этиш йўналишида Қоратеран кўли атрофида 70 гектар майдонда ҳамда Элликқалъа тумани Ақчакўл бўйида 127 гектар майдонда барча қулайликларга эга туризм масканларини ташкил этиш бўйича режалар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, Қораўзак ва Амударё туманларида жойлашган Шайх Жалил бобо зиёратгоҳи ва “Амударё-Қоратов” туризм мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари режалаштирилмоқда.

Ҳудуднинг туризм салоҳиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш мақсадида бир қатор ижодкорларнинг Қорақалпоғистонга ташрифи ташкил этилди. Хусусан, Буюк Британиянинг “Sandstone Global” компанияси ҳамда “Studio Lambert” медиакомпанияси, “Holiday Magazine” нашри журналисти, “Euronews” телеканали суратга олиш гуруҳи ташриф буюриб, уларга диққатга сазовор жойлар, ҳудуднинг турмуш тарзи, тарихи ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Ўрта Осиё бўйича туризм соҳаси экспертлари Софи Ибботсон ҳамда Стефани Адамс томонидан “Қорақалпоғистон” туристик қўлланмаси ишлаб чиқилди.
Албатта, жорий йилда ҳам ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинган. Жорий йилда ҳудудга ички сайёҳлар сонини уч миллион нафарга, хорижий сайёҳлар сонини 500 минг нафарга, туризм экспорти ҳажмини 56 миллион АҚШ долларга ва жойлаштириш ўринларини 120 тага етказиш режа қилинган.


ЎзА мухбири Довуд Абибуллаев суҳбатлашди.