МДҲ ҳудудида туризмни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши Бош котиби Дмитрий Кобиский билан учрашди.
Учрашувда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Котибияти Кенгашининг ташкилий бошқарув бўлими бошлиғи Диана Сурвилайте ҳамда “Travel HUB” “Ҳамдўстлик” лойиҳаси раҳбари Юлия Зайкова ҳам иштирок этди.

Томонлар ўртасида Ҳамдўстлик ҳудудида туризмни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув давомида “Travel HUB” “Ҳамдўстлик” халқаро туризм форуми соҳа учун долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва МДҲ давлатларининг туризм салоҳиятини тақдим этиш учун талаб юқори бўлган платформага айлангани қайд этилди. Форум аллақачон Беларусь, Тожикистон ва Россиянинг Доғистон минтақасида ўтказилган. Бундан ташқари, 2027 йилда “Travel HUB” “Ҳамдўстлик” форумини Ўзбекистонда ўтказиш имконияти муҳокама қилинди.

Дмитрий Кобиский Ассамблея тузилмасида ахборот, маданият, туризм ва спорт бўйича ихтисослашган комиссия фаолият юритишини, унга анъанавий равишда Ўзбекистон вакиллари раҳбарлик қилишини таъкидлади.
Мулоқот давомида ҳамкорликни давом эттириш, жумладан Ўзбекистон томонининг 1 июнь куни бўлиб ўтадиган “Travel HUB” “Ҳамдўстлик” онлайн сессиясида иштирок этиши бўйича келишилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА