Оролбўйида енгил атлетикани ривожлантириш истиқболи
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Енгил атлетика федерациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда божхона бошқармаси масъуллари, мураббийлар ҳамда спортчилар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов федерация раиси этиб сайланди.

Тадбирда енгил атлетикани янада ривожлантириш, спортчиларни тайёрлаш жараёнларига замонавий ва илмий ёндашувларни кенг жорий этиш, спортни оммалаштириш, селекция тизимини такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, спорт мактаблари фаолиятини мунтазам ўрганиш, истеъдодли ёш спортчиларни саралаб олиш ва спорт захирасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” тизими асосида иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни босқичма-босқич юқори натижаларга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Федерация раҳбарияти томонидан соҳа вакилларининг таклиф ва муаммолари тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шу билан бирга, федерация фаолиятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида харажатларни ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам қисман қоплаш чораларини кўриш, спортчи ёшларни рағбатлантириб бориш таъкидланди.
Тадбир якунида спортчиларнинг халқаро мусобақалар ва Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриши, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиши ҳамда юқори натижаларга эришиши юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири