Бухорода VII болалар веломарафони бўлиб ўтди
Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Бухоро шаҳрида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан ҳамкорликда анъанавий VII болалар веломарафони ташкил этилди.
Ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш ва ҳавони ифлослантирмайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишни кенг тарғиб қилишга қаратилган ушбу тадбирда 100 нафардан ортиқ мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳамда кундалик ҳаётдаги танловимизнинг атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрнига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Велосипед ва бошқа экологик тоза транспорт воситаларини оммалаштириш соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга, табиатга салбий таъсирни камайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Спорт тадбири дастуридан Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган маърифий ва маданий чиқишлар ҳам ўрин олди.

– Веломарафон менга жуда ёқди. Велосипед ҳайдасак, ҳаво тоза бўларкан, шаҳримиз ҳам ифлосланмайди. Тадбир якунида совға беришгани учун жуда хурсанд бўлдим, – деди марафонда иштирок этган 7 ёшли болакайлардан бири.

Ёшлар ўртасида экологик таълим-тарбияни ривожлантириш ҳамда уларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, ташкилот бундай ташаббуслар орқали ёш авлод вакилларида экологик масъулият ва барқарор кўникмаларни шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
ЎзА