Ўқув- семинар
Гулистон шаҳридаги Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида сув хўжалиги тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар учун “Сув хўжалигида хотин-қизлар етакчилиги” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда соҳада гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг бошқарув жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш, шунингдек, уларнинг етакчилик ва ташкилий салоҳиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар давомида иштирокчиларга сув ресурсларини самарали бошқаришнинг замонавий ёндашувлари, стратегик менежмент, жамоада қарор қабул қилиш механизмлари ҳамда лидерлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Шу орқали уларнинг соҳадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ёндашувлар муҳокама қилинди.

Ўқув жараёнининг яна бир эътиборли жиҳати шунда бўлдики, машғулотлар офлайн форматда ташкил этилди ва айни вақтда Тошкент шаҳридаги марказий студия билан онлайн тарзда боғланган ҳолда олиб борилди. Бу эса мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган мутахассислар учун ягона платформада мулоқот қилиш, фикр алмашиш ва тажриба ўртоқлашиш имконини яратди.
Тадбир интерактив усулда ташкил этилиб, иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда етакчилик, самарали мулоқот маданияти, жамоада ишлаш ва бошқарувда учрайдиган долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашдилар. Шу билан бирга, улар ўз амалиётида қўллаш мумкин бўлган таклиф ва ташаббусларни ҳам илгари суришди.
– Бу каби ўқув-семинарлар сув хўжалиги тизимида хотин-қизларнинг ролини янада мустаҳкамлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда бошқарув жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Саида Каримова.
Ғулом Примов, ЎзА