Ўқитувчилар Туркияда малака ва тажриба оширишди
Замонавий таълим сифатини юксалтиришнинг энг самарали йўли — халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий таълим тизимига самарали татбиқ этишдир. Шу мақсадда Гулистон давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари халқаро малака ошириш дастурларида фаол иштирок этишиб, ўз касбий салоҳиятини мунтазам бойитиб боришмоқда.
Жумладан, институтнинг Хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари — педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дурдона Боқиева ҳамда филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мастона Йўлдашева Туркия Республикасининг нуфузли Boğaziçi University томонидан ташкил этилган халқаро малака ошириш дастурида муваффақиятли иштирок этиб, дастурни сертификат билан якунладилар.

20 соатлик халқаро ўқув дастури доирасида замонавий таълим технологиялари, инновацион педагогик ёндашувлар, рақамли таълим муҳитини самарали ташкил этиш, хорижий тажрибаларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Машғулотлар давомида таълим сифатини ошириш, талабаларнинг замонавий компетенцияларини шакллантириш, илмий тадқиқотларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, академик ҳамкорликни кенгайтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса иштирокчиларга жаҳон таълим тизимида қўлланилаётган илғор методикаларни чуқур ўзлаштириш, хорижлик олимлар билан тажриба алмашиш ва янги илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини берди.

Мазкур халқаро малака ошириш дастурида иштирок этиш профессор-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини янада юксалтириш билан бирга, Гулистон давлат педагогика институтида таълим сифати, илмий салоҳият ва халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида талабаларга жаҳон андозаларига мос билим бериш, рақобатбардош педагог кадрлар тайёрлаш ва таълим жараёнига илғор методикаларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
— Туркиянинг нуфузли университетида ташкил этилган мазкур халқаро малака ошириш дастури биз учун нафақат янги билим ва кўникмаларни эгаллаш, балки жаҳон таълим тизимида қўлланилаётган илғор педагогик ёндашувлар билан яқиндан танишиш имконини ҳам яратди. Машғулотлар давомида интерактив таълим усуллари, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, талабаларнинг мустақил фикрлаши ва танқидий таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган замонавий методикаларни ўргандик.
Энг муҳими, ушбу тажрибаларни институтимиз таълим жараёнига татбиқ этиш орқали талабаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада ошириш, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва хорижий тилларни ўзлаштириш самарадорлигини юксалтириш имкониятига эга бўлдик. Бу каби халқаро дастурлар педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мастона Йўлдашева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири