Зарарли чигирткага қарши кураш тадбирлари бошланди (+видео)
Зарарли чигирткаларнинг тарқалиши март-апрель ойларига тўғри келиб, айнан шу муддатда илк кимёвий кураш тадбирлари бошланади. Мамлакатимизда зарарли чигирткага қарши курашни самарали ва ўз вақтида олиб боришга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати масъул бўлиб, ҳар йили кузги ва баҳорги кузатувлар натижаларига кўра прогноз кўрсатгичлари шакллантирилади.
Мазкур ўрганишлар натижаларига кўра, жорий йилда 652 минг гектардан зиёд майдонда зарарли чигиртка тарқалиши тахмин қилинмоқда. Бироқ бу кўрсатгичлар ўзгариши мумкин.
- Республикамизда чигиртканинг 200 га яқин тури тарқалган бўлиб, шундан 8-10 тури қишлоқ хўжалиги экинларига, яйловларга ва ўсимликларга катта зарар етказиши мумкин, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти илмий ходими Баҳрoм Жалгасов. – Италия чигирткаси, Осиё чигирткаси кенг тарқалган. Кунлик ҳарорат йиғиндиси 10 даражага етиб исиганда, Марокаш чигирткалари личинкаси кўзачаларидан чиқишни бошлайди. Баҳорнинг илиқ келиши бу чигирткаларнинг ривожланиши учун қулай муҳит ҳисобланади.
Чигирткага қарши кураш тадбирлари одатда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидан бошланади. Мавсум аввалида ҳудудларда дала семинарлари ташкил этилиб, йилни беталофат ўтказиш, кимёвий воситалардан самарали фойдаланиш, аниқланган тўдаларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинади. Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги семинарда ҳам мазкур жиҳатларга эътибор қаратилди.
- Жиззах вилоятида 2026 йилда қор кам ёққанлиги сабабли чигирткаларнинг тухум қўйишига қулай шароит туғилди, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Жиззах вилояти Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бош агрономи Эркин Одилов. – Бу йил 98 минг гектардан зиёд майдон башорат қилинган бўлиб, шу кунгача 4 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий ишлов ўтказилди. Бунда 11та ҳудудда 12та штаб ташкил қилинган.
Бугунги кунда зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини самарали ташкил этиш учун 1300 дан ортиқ техника шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, тизимга замонавий ёндашув ҳам жорий этилмоқда.
Чигиртка — қишлоқ хўжалиги учун хавфли зараркунандалардан бири бўлиб, қисқа вақт ичида катта майдонлардаги экинларга жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис, унинг тарқалишини эрта босқичда аниқлаш ва зудлик билан чора кўриш муҳим ҳисобланади. Бу борада агентлик томонидан Чигиртка хизматининг кеча-ю кундуз фаолияти йўлга қўйилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Wiqz6W3mcIg" title="O‘zbekistonda sayyohlar uchun ishonchli muhit yaratilgan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА