Ўн икки аср аввал яратилган “сув кодекси”ни биласизми?
IX асрнинг биринчи ярмида сув ресурсларини адолатли тақсимлаш мақсадида тузилган “Китоб ал-қуний” мажмуаси минтақамиз давлатчилиги тарихида илк “сув кодекси” сифатида алоҳида ўрин тутади.
828–844 йилларда Хуросон ва Мовароуннаҳрни бошқарган тоҳирийлар сулоласининг ҳукмдори Абдуллоҳ ибн Тоҳир давлатчилик тизимида марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, аҳолининг ижтимоий муҳофазасига ҳам жиддий эътибор қаратди. Аббосий халифалар Маъмун, Муътасим ва Восиқ даврида кенг ваколатга эга бўлган бу ҳукмдор шарқий вилоятларда тартиб ва адолат ўрнатишни ўзининг бош вазифаси деб билди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, ўша даврда сув танқис бўлган воҳаларда ариқ ва каналлардан фойдаланиш, сув навбати ҳамда cув иншоотларни сақлаш бўйича маҳаллий аҳоли ва йирик ер эгалари ўртасида тез-тез низолар чиқиб турган. Абдуллоҳ ана шу муаммони илмий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун ўз даврининг кўзга кўринган фақиҳлари ва муҳандисларини йиғиб, сувдан фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқишни топширди.
Мазкур топшириқ асосида яратилган ва кейинчалик “Китоб ал-қуний” (“Ариқлар ҳақидаги китоб”) номи билан машҳур бўлган қўлланма асрлар давомида Марказий Осиёда гидротехника ва ислом ҳуқуқида сув масалаларини ҳал қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Шарқшунос олим Александр Шмидтнинг таъкидлашича, бу ҳужжат шунчаки назарий кўрсатма эмас, балки айнан деҳқонлар манфаатини юқори табақа вакилларининг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилувчи қонуний кафолат эди. Ҳужжатда ҳар бир ариқнинг тозаланиш мажбурияти, юқори ва қуйи оқимда жойлашган экин майдонларига сув ажратиш меъёрлари, канал атрофидаги муҳофаза ҳудудлари ўлчамлари аниқ белгилаб қўйилган эди.
Шарқшунос олим ва тарихчи Василий Бартольд ўз асарларида Абдуллоҳнинг ижтимоий сиёсатини таҳлил қилар экан, унинг оддий меҳнаткашлар ва деҳқонларга бўлган хайрихоҳлиги илм-фан ҳамда таълимни оммалаштириш ғоясига туртки берганини алоҳида қайд этади. Ҳукмдор чиқарган махсус фармонда вилоят ҳокимлари ва амалдорларига деҳқонларга ортиқча солиқ солиш, уларнинг мулкига тажовуз қилиш қатъий тақиқланди. Бундан ташқари, Абдуллоҳ камбағал ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун ҳам таълим олиш имкониятини яратишни давлат зиммасидаги мажбурият деб ҳисоблаган. Бу чора-тадбирлар IX асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда қишлоқ хўжалигининг ривожланиши ва иқтисодий барқарорликка замин яратди.
IX асрда яшаган тарихчи Абулфазл Аҳмад ўзининг “Китобу Бағдод” асарининг бизгача етиб келган олтинчи қисмида тоҳирийлар хонадонининг бошқарув анъаналари ҳақида ноёб маълумотларни ёзиб қолдирган. Асар таркибида Абдуллоҳнинг отаси – саркарда ва вилоят ҳокими Тоҳир ибн Ҳусайннинг ўғлига йўллаган машҳур насиҳатномаси келтирилади. Бу мактубда давлатни бошқаришда фуқаролар розилигини олиш, аҳолини хазинанинг асл манбаи деб билиш ва адолатни ҳар нарсадан устун қўйиш уқтирилади. Абдуллоҳ ўз фаолиятида ана шу ғояларни амалиётга татбиқ этди.
Географ ва сайёҳ Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжам ал-булдон” асарида Абдуллоҳнинг шахсий феъл-атвори ва адолат мезонларига оид ибратли воқеаларни келтиради. Шундай тафсилотлардан бири Бағдоддаги тоҳирийлар саройини кенгайтириш жараёни билан боғлиқ. Сарой атрофидаги ерларни сотиб олиш чоғида қозилик орқали ери мажбуран олинган оддий фуқаронинг шикоятини шахсан эшитган Абдуллоҳ ибн Тоҳир, қурилиш ишлари бошланганига қарамай, бинони буздириб, ерни эгасига қайтарган ва ўз вакилини ноҳақлиги учун жазолаган. Бошқа бир манбада келтирилишича, у бозорда мунгли сайраётган мусичани сотиб олиб, унинг полапонларидан айрилганига ачиниб, озодликка қўйиб юборгани ҳамда бу ҳақда шеър ёзгани қайд этилади. Бу тафсилотлар ҳукмдорнинг нафақат қонун устуворлигига, балки юксак инсонийлик ва шафқат мезонларига ҳам амал қилганини кўрсатади.
Тоҳирийлар сулоласининг келиб чиқиши маҳаллий аслзодалар хонадонига мансублиги сабабли, улар минтақадаги ижтимоий ва иқтисодий тизимни мукаммал тушунишган. Маҳаллий анъаналар ва ислом ҳуқуқининг уйғунлиги натижасида яратилган “Китоб ал-қуний” кейинчалик Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида ҳам деҳқончилик воҳаларида сувдан фойдаланишни тартибга солувчи асосий қўлланма сифатида сақланиб қолди. Бу давлатчилик тажрибаси марказлашган бошқарув тизими ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар орқали иқтисодий барқарорликка эришишнинг илк муваффақиятли намуналаридан биридир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА