“Оммавий диктант” акцияси ўтказилди
“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Бухоро вилоятида ўзбек тили нуфузини ошириш, ёшлар ўртасида саводхонлик даражасини юксалтиришга қаратилган “Оммавий диктант” акцияси юқори савияда ташкил этилди.
Акцияда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари фаол иштирок этди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг имловий саводхонлигини синовдан ўтказиш, ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларда адабий тил меъёрларига ҳурмат ва қизиқишни оширишдан иборатдир.

– Бундай тадбирлар ёшларнинг маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этади, – дейди партия вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Суннатжон Ахатов. – “Оммавий диктант” нафақат саводхонликни ошириш, балки миллий ўзликни англаш, она тилига бўлган ҳурмат ва садоқатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ёшларни тил маданиятига эътиборли бўлишга, ўз фикрларини равон ва тўғри ифода этишга ундайди.
Диктант матни Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Бухоро ҳудудий бўлинмаси раҳбари, филология фанлари доктори, профессор Бибиш Жўраева томонидан ўқиб эшиттирилди. У иштирокчиларга муваффақият тилаб, акциянинг мазмун-моҳияти, тил маданияти ва саводхонликни оширишдаги аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг ишлари соҳа мутахассислари томонидан холисона баҳоланди. Энг юқори натижаларга эришган талабалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Бу эса ёшларни янада изланишга, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга ундади.
Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши жамиятда тил маданиятини юксалтириш, давлат тилига бўлган эҳтиромни мустаҳкамлаш ҳамда келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.