Эндиликда айрим маҳбуслар китоб ўқиш орқали жазо муддатини қисқартириши мумкин
Ҳуқуқий муносабат
Айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришларга кўра, Жиноят кодексининг 73-моддаси 4-қисмида кўрсатилган шахслар озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида унга тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин.
Хўш, бундан умрбод озодликдан маҳрум этилганлар ҳам фойдаланиши мумкинми?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева қуйидагича тушунтириш берди:
–Қонунчиликка кўра, бундан умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар мустасно.
Шунингдек, қисқартириш шарти шундаки, маҳбус тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиган бўлиши керак.
Жазо муддати ҳар бир ўқилган китоб учун — 3 кун, бир йил давомида — кўпи билан 30 кунгача қисқартирилиши мумкин.
Китоб ўқилгани маҳбуснинг аризаси асосида, муассаса ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан аниқланади.
Комиссия йиғилиши йилига камида 2 марта ўтказилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА