«Олтин куз» форумида энг яхши ижодкор ёшлар аниқланди
Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида икки кун давом этган «Олтин куз» иқтидорли ижодкор ёшлар форуми ўз ниҳоясига етди.
Форумнинг якуний кунида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда гала-концерт ташкил этилди. Тадбирда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиб, ғолибларни қутлади.
Икки кун давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ўз иқтидори ва ижодий салоҳиятини намоён этди. Тасвирий санъат, қўшиқчилик, рақс ва бошқа йўналишларда турли танловлар ўтказилди. Бундан ташқари, иштирокчилар учун семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, театр томошалари ва концерт дастурлари ташкил этилди.
Форум доирасида тасвирий санъат танловида биринчи ўрин Мадинабону Умурзоқовага, иккинчи ўрин Ирода Саффоровага, учинчи ўрин Абдуллоҳ Хўжаматовга насиб этди.
«Ҳудудий ижодкор ёшлар ижоди» танловида биринчи ўринга Хоразм вилояти ижодкор ёшлари, иккинчи ўринга Фарғона вилояти ижодкор ёшлари, учинчи ўринга Қорақалпоғистон Республикаси ижодкор ёшлари сазовор бўлди.
«Караоке батл» танловида биринчи ўринга Лайло Шарофиддинова, иккинчи ўринга Мерей Бахтибаев, учинчи ўринга Сайидхон Ҳакимов муносиб топилди. «Рақс батл» танловида биринчи ўринга Александр Шариповга, иккинчи ўринга Тоҳиржон Аббосов, учинчи ўринга Злата Яблокова муносиб топилди.
«Олтин куз — 2026» фото ва видео челленжида биринчи ўринга Шаҳзод Зоиров, иккинчи ўринга Фарғона вилояти маданият бошқармаси, учинчи ўринга Нурмуҳаммад Усмонов лойиқ топилди.
Форум ёшлар учун ўз истеъдодини намоён этиш, янги дўстлар орттириш, тажриба алмашиш ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам яхши имконият бўлди. Шу тариқа, «Олтин куз» форуми ёш ижодкорларга унутилмас таассуротлар ва янги ғоялар бағишлаган ҳолда ўз якунига етди.
Н.Усмонова,
ЎзА