Олий суд ва Ёшлар ишлари агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Маълумотларга кўра, бугунги кунда суд тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг 42 фоизини (1 905 нафар) айнан ёшлар ташкил этади.
Шунга кўра, Олий суд раиси Робахон Махмудова ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўртасида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигига ҳурматни шакллантириш ҳамда уларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида қатор амалий лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ташкил этилади. Барча ҳудудларда ёшларнинг фуқаролик позициясини ривожлантириш ва халқаро лойиҳаларга тайёрлаш мақсадида “Адолат” дебат гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, ёшлар манфаати кўзланган қатор маънавий-маърифий чора-тадбирлар амалга оширилади.
Г.Бобоева, ЎзА