Олий суд раиси маҳалла еттилиги фаолияти билан танишди
Юрт ободлиги маҳалладан бошланади. Зотан, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам шунга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Яккасарой туманига Тўқимачи маҳалласида бўлиб, маҳалла “еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўрганиш жараёнида маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Хусусан, профилактика инспекторининг бу йўналишдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди.

Учрашув давомида маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш, профилактик тадбирларни манзилли ва самарали ташкил этиш, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш энг муҳим вазифа экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Олий суд раиси Ракатбоши маҳалласида ҳам бўлиб, "маҳалла еттилиги"нинг фаолияти билан танишди.

Унда ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва профилактика ишларини янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таҳлиллар давомида Ракатбоши маҳалласи жиноятчилик кўрсаткичлари бўйича “сариқ ҳудуд” тоифасига тушиб қолгани қайд этилиб, ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, маҳаллада профилактика тадбирларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёшлар билан тизимли ишлаш ҳамда ҳамкор ташкилотлар фаолиятини янада мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шербек Исломов,
ЎзА