Халқаро рейтингда янада юқори поғона
Фарғона давлат университети халқаро нуфузли “Times Higher Education (THE) Impact Rankings 2026” рейтингида ўз кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилаб, жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари орасида янада юқори ўринни эгаллади.
Университет 2024 ва 2025 йилларда мазкур рейтингнинг 1001–1500 поғоналари гуруҳидан жой олган бўлса, 2026 йил якунларига кўра 801–1000 поғоналар гуруҳига кўтарилди. Бу натижа университетнинг таълим сифати, илмий-тадқиқот фаолияти ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги тизимли ишлари халқаро миқёсда эътироф этилганини англатади.
Рейтингнинг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам Фарғона давлат университети юқори натижаларни қайд этди. Жумладан, “Сифатли таълим” йўналишида дунё бўйича 201–300 ўринлар гуруҳидан, “Очликка барҳам бериш” (SDG 2) йўналишида 201–300 ўринлар гуруҳидан ҳамда “Тенгсизликларни қисқартириш” (SDG 10) йўналишида 301– 400 ўринлар гуруҳидан жой олди.
Мазкур натижалар университетда сифатли ва инклюзив таълим муҳитини шакллантириш, замонавий илмий тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда барқарор тараққиёт мақсадларига хизмат қилувчи лойиҳаларни изчил амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда Фарғона давлат университети мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири сифатида таълим, илм-фан ва инновация соҳаларида ўз салоҳиятини изчил ошириб бормоқда. Университетда халқаро стандартлар асосида малакали кадрлар тайёрлаш, илмий мактабларни ривожлантириш, хорижий олий таълим муассасалари билан академик ҳамкорликни кенгайтириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда университетда рақамли таълим технологиялари кенг жорий этилгани, илмий тадқиқотлар сифати оширилгани, халқаро лойиҳалар ва академик мобиллик дастурлари кўлами кенгайгани ФарДУнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, “Times Higher Education Impact Rankings” натижалари университетларнинг нафақат таълим сифати, балки уларнинг жамият тараққиёти, экологик барқарорлик, ижтимоий масъулият ва инновацион ривожланишга қўшаётган ҳиссасини ҳам баҳолайди. Шу маънода, Фарғона давлат университетининг бу йилги ютуғи мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Қайд этиш жоизки, мазкур натижа университет профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, талабалари, битирувчилари ҳамда халқаро ҳамкорларининг биргаликдаги самарали меҳнати ва ҳамжиҳатлиги маҳсулидир. Бу эса Фарғона давлат университетининг халқаро таълим маконидаги рақобатбардошлигини янада ошириш, илм-фан ва инновациялар соҳасида янги марраларни забт этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА